Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шўр ювиш тадбирларини олиб боришда сувдан мақсадли фойдаланиш зарур
07:49 / 2022-08-19

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, ерларнинг шўрини ювиш ишларини режалаштириш ерларнинг мелиоратив ҳолатига қараб белгиланади.

Ерларнинг самарадорлигини ошириш ва қишлоқ хўжалиги экинларини экишда кутилган ҳосилни етиштириш мақсадида ҳар йили шўр ювиш тадбирлари амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 8 апрелдаги «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг шўрини ювиш ишларини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида юклатилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида «Ўзагроинспекция» томонидан шўр ювиш ишларида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибига қатъий риоя этилиши юзасидан тизимли назорат ўрнатилган.

«Ўзагроинспекция» Ахборот хизмати раҳбари Холида Шадиева томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, ерларнинг шўр ювиш ишлари тадбир режаси бўйича берилган тавсиялар асосида мақбул муддатларда ва ажратилган сув олиш лимитлари доирасида шўр ювиш меъёрларига мувофиқ амалга оширилиши белгилаб қўйилган.

Қайд этилишича, Қорақалпоғистон Республикасида жорий йилда 59,0 минг гектар майдонда ғалла экилиши кўзда тутилган бўлиб, мазкур майдонларда шўр ювиш тадбирлари ўтказилиши режалаштирилган.

Бугунги кунда шундан 14,8 минг гектар ер майдонида шўр ювиш тадбирлари ўтказилган, яъни режа 32 фоизга амалга оширилган. Жумладан, Хўжайли туманида 1554 гектар ёки 49 фоиз, Тахиатошда 43 фоиз, Амударё, Шуманай туманларида 36 фоиздан, Берунийда 32 фоиз, Тўрткўлда 31 фоиз, Нукусда 29 фоиз, Кегейлида 25 фоиз майдонларда шўр ювиш ишлари бажарилган.

Ерларни шўр ювишга тайёрлаш ва шўр ювиш ишларини ўтказишда шўр ювиш нормаси тупроқнинг шўрланганлик даражасига ва механик таркибига қараб, ишлаб чиқилган график асосида полларни сув билан тўлдиришда юқоридан пастга қараб, коллектор-дренаж тармоғи томон навбат билан амалга оширилмоқда.

– Минтақамизда сув тақчиллиги йил сайин ошиб бораётган бугунги шароитда ерларнинг шўрини ювиш тадбирларида ҳам сувни тежаш талаб қилинмоқда, – дейди Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш бошқармаси бош инспектори Бобур Сатторов. Шунингдек, шўр ювишга ажратилаётган сув ресурсларидан сув олиш лимитлари доирасида ушбу тадбирни сифатли ўтказишнинг барча чоралари кўрилмоқда. Жойлардаги агрокластерлар, фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларига шўр ювиш учун берилган сувни коллектор-дренаж тармоқларига ташлаб қўйишга ва уларнинг техник ҳолатига зарар етказишга йўл қўйилмаслик юзасидан тушунтириш ишлари ўтказилмоқда.

Жойларда ерларни шўр ювишга тайёрлаш ва шўр ювиш ишларини ўтказиш тартиби ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этиляпти. Ўз навбатида, Инспекция томонидан ўтказиб келинаётган тарғибот тадбирлари натижасида фермер хўжаликлари ва бошқа сув истеъмолчиларининг сувдан фойдаланиш маданияти даражаси юксалиб, ажратилган сув ресурсларидан оқилона ва тежаб фойдаланиш таъминланмоқда.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, шўр ювиш тадбирларини олиб боришда сувдан фойдаланиш бўйича қабул қилинган қонунлар ва норматив ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этиш ҳамда оби-ҳаётдан мақсадли, тежаб-тергаб фойдаланиш бутун мавсум давомида сув ресурсларига бўлган эҳтиёжни таъминлаб, унинг тақчиллигини юмшатишга хизмат қилади.



Муҳайё Тошқораева,

ЎзА