Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шўр ювиш – муҳим иш
14:06 / 2022-12-07

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш Инспекцияси Навоий вилояти бошқармаси томонидан Кармана туманидаги “Авез бобо” фермер хўжалигида шўр ювиш агротехник тадбирини ўтказишга бағишланган семинар ташкил этилди.

Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш мақсадида шўр ювиш тадбирининг сифатли ўтказилиши муҳим аҳамиятга эга. Вилоятда 344 та фермер хўжалигининг жами 13 минг 100 гектар ер майдонида шўр ювиш режалаштирилган бўлиб, унинг 1014 гектари кучли, 3612 гектари ўртача ва 8474 гектари кучсиз шўрланган майдонлардир.

– Биринчи навбатда суғориш шохобчалари ва зовурларни тозалаш зарур, – дейди “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси бош инспектори Меҳриддин Воҳидов. – Дастлаб шўри ювиладиган ерлар 35-40 сантиметр чуқурликда шудгор қилиниб, молаланади. Узун елканли текислагич билан икки йўналишда қиялик фарқи 5 сантиметрда текисланади. Чунки нотекис ерларда тупроқни бир хилда сув бостириб тузлардан тозалаб бўлмайди. Сувдан тежамли фойдаланиш имконияти йўқолади. Шўрланган ерлар асосан бостириб ювилади. Бундай ювишда участка ўқариқлари ва челлар олиниб, бўлакларга бўлинади, полларнинг катта-кичиклиги даланинг нишаблиги ва текислаш сифатига қараб белгиланади. Сув сатҳи қанча юқори бўлса, шўр ювиш шунча сифатли бажарилади.

Семинарда шўр ювиш ишларининг сифатли бажарилиши, сувчиларга яратилган шароитлар, уларни резина этик ва фонарлар билан таъминлаш, сув тежамкорлигига риоя этишлиши юзасидан таклифлар берилди.

– Кармана туманида 1700 гектар шўр ювиладиган майдон мавжуд, – дейди “Ўзагроинспекция” Кармана туман бўлими катта инспектори Аббосбек Ибрагимов. – Бугунги кунда 48 гектар майдон шўр ювиш учун тайёр ҳолатга келтирилган. Шўр ювишда қоидаларга риоя этилиши, сувчиларга қулай иш муҳити яратиб бериш юзасидан фермер хўжалиги раҳбарларига огоҳлантириш ва ёзма кўрсатмалар берилмоқда. Мақсадимиз, ушбу агротехник тадбирни сифатли ўтказишдир.  

“Авез бобо” фермер хўжалигининг пахта ва ғаллага ихтисослашган жами 90 гектар ер майдони бўлиб, шундан 35 гектари шўр ювиладиган майдон сирасига киради. Шўр ювиш ишларига фермер хўжалигининг 7 нафар сувчиси жалб этилган. Семинар давомида фермер хўжалигининг 15 гектар майдонида чел олиниб, шўр ювиш тадбири амалга оширилди.  

Бу каби ўқув-амалий семинарлар Навбаҳор, Қизилтепа, Хатирчи туманларида ҳам бўлиб ўтиши режалаштирилган.  

Айни кунларда вилоятда шўр ювиш ва шўр ювишга ер тайёрлаш ишлари уюшқоқлик билан олиб борилмоқда.  

 

Абдували Бўриев, ЎзА