Бухоро давлат университети юртимизнинг илмий-маърифий тараққиётида, мутахассис кадрлар тайёрлашда ва халқаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришда салмоқли ўринга эга. Малакали мутахассислар, минглаб олим ва зиёлиларни етиштириб келаётган университет фаолиятига тўқсон беш йил бўлди.
Бугунги кунда олийгоҳда 28641 нафар талаба таҳсил олмоқда, 752 нафардан зиёд профессор-ўқитувчилар фаолият юритмоқда. Замонавий лабораториялар, илмий марказлар, халқаро лойиҳалар ва академик ҳамкорликлар таълим сифатини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Мазкур тарихий сана муносабати билан университетда “Жаҳон цивилизациясида Бухоронинг ўрни: бой мерос, барқарор ривожланиш, ёрқин келажак” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Мазкур тадбир муносабати билан университет бош фойесида ҳар бир факультет ютуқлари, илмий изланишлар, амалий ишлар акс этган кўргазма ташкил этилди.
Тантанали тадбирда Бухоро вилоят ҳокими Ботир Зарипов сўзга чиқиб, университет жамоасини қутлади ва олийгоҳнинг ҳудуд илмий-маърифий ҳаётидаги ўрнини юқори баҳолади.
– 95 йил бу таълим масканининг эмас, балки бутун вилоятимиз ва юртимиз маънавияти ҳамда илм-фан тараққиёти тарихининг шонли саҳифасидир. Бу давр мобайнида университет минг-минглаб малакали мутахассислар, олимлар ва зиёлиларни тайёрлади. Бугунги юбилей ўтган йўлни сарҳисоб қилиш, шу билан бирга келажак сари янги мақсадларни белгилаш имконидир. Университет олдида таълим сифатини янада ошириш, рақамли технологияларни кенг жорий этиш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби муҳим вазифалар турибди. Бухоро давлат университети ўзининг бой тарихи, илмий салоҳияти ва фидойи жамоаси билан келгусида ҳам республика таълим тизимида етакчи ўрин эгаллаб, жаҳон миқёсида муносиб ўрин эгаллашига ишонамиз, – деди вилоят ҳокими Ботир Зарипов.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Конгратбай Шарипов эса тадбирда онлине табрик нутқи билан иштирок этди. У ўз табригида Бухоро давлат университетининг мамлакат таълим тизимидаги ўрни, илм-фан тараққиётига қўшаётган ҳиссаси ҳамда ёшларнинг салоҳиятини рўёбга чиқаришдаги ролини юксак эътироф этди.
Анжуманга хорижий мамлакатлардан 30 нафардан ортиқ халқаро ҳамкор университет вакиллари ва олимлар самимий табрик йўллади. Жумладан, Словакия технология университети, Ҳазар университети, Астрахан давлат университети, Дон давлат техника университети, Озарбайжон спорт академияси, Тожикистон маданият ва санъат институти каби нуфузли таълим муассасалари раҳбарлари ва профессорлари ҳам табрик йўллаган.
Университетнинг 95 йиллик юбилейи муносабати билан таълим ва илм-фан ривожига салмоқли ҳисса қўшиб келаётган, эл-юртга фидокорона хизмат қилаётган олимлар, педагоглар, давлат ва жамоат арбоблари, профессор-ўқитувчилар “Бухоро давлат университетининг 95 йиллиги” кўкрак нишони билан тақдирланди.
[gallery-25235]
Уларнинг фидойилиги, ёш авлодга берган сабоқлари, илмий изланишлари ҳамда Ватан тараққиётига қўшган ҳиссаси юксак эътироф этилди. Бу мукофот БухДУ жамоасининг меҳнати ва илмий салоҳиятига берилган эътироф бўлиш билан бирга, келажак авлодларни ҳам фидойилик ва юксак марралар сари илҳомлантиради.
Анжуман якунида университет тарихида илк маротаба Бухоро давлат университети мадҳияси ёшлар томонидан ижро этилди. Университет мадҳиясининг янграши юбилей тадбирларига ўзига хос руҳий кўтаринкилик бағишлаб, илм ва маърифат масканининг 95 йиллик йўлини ифодаловчи рамзий лаҳзага айланди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.