Учинчи Ренессанс муждалари
Жамият тараққиётида унинг келажагини таъминлайдиган ёш авлоднинг соғлом ва маънавий баркамол бўлиб вояга етиши муҳим саналади. Бунда аждодлар мероси, маънавий қадриятлар ҳал қилувчи ўрин тутади. Шу боис бугун юртимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишга алоҳида аҳамият қаратмоқ лозим.

Ҳар қайси халқнинг тарих, она тили ва адабиёти унинг миллий руҳи ва ўзлиги, маданий-маърифий олами, миллий ғоясининг асоси ҳисобланади. Шунинг учун ҳам қачонки истилочи кучлар эл-юртимизни ўзига қарам қилмоқчи бўлса, аввало, уни ўз тили ва динидан, тарихи ва маданиятидан, миллий ғуруридан жудо этишга уринган. Шу боис давлатимиз раҳбари Янги Ўзбекистон мафкурасининг асосий ғояси хусусида шундай дейди: “Миллий ғоянинг моҳиятини тўлиқ англаб етмаган, эски мафкурани тасаввур қилиб, бунга юзаки қарайдиганлар ҳам йўқ эмас. Биз яратаётган янги Ўзбекистоннинг мафкураси эзгулик, одамийлик, гуманизм ғояси бўлади. Биз мафкура деганда, аввало, фикр тарбиясини, миллий ва умуминсоний қадриятлар тарбиясини тушунамиз. Улар халқимизнинг неча минг йиллик ҳаётий тушунча ва қадриятларига асосланган”.
Шу маънода, айтиш мумкинки, миллий ғоя ва мустақиллик мафкурасини ёш авлодга сингдиришда, уларни ватанпарварлик, миллий анъана, қадриятларимизга муҳаббат ҳамда садоқат руҳида тарбиялашда ўзбек тили ва адабиёти таълимининг алоҳида ўрни бор.

Кейинги йилларда тил, адабиётга эътибор миллатга бўлган эътибор эканлигидан келиб чиқиб, мисли кўрилмаган ижобий ўзгаришлар амалга оширилди. Ўзбек тили ва адабиётининг ўзига хос бетакрор хусусиятлари, тарихий тараққиёти, унинг бугунги ҳолати ва истиқболи билан боғлиқ масалаларни чуқур ўрганиш, бу борада олиб борилаётган илмий тадқиқот ишлари самарадорлигини кучайтириш, таълим-тарбия тизимининг барча бўғинларида ўзбек тили ва адабиёти фанини ўқитишнинг ҳамда ушбу соҳа бўйича юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг сифатини тубдан ошириш мақсадида 2016 йил 13 майда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил этилди.
Университет ўзбек тили ва адабиёти бўйича филолог мутахассислар, илмий-педагог кадрлар, юқори малакали таржимонлар тайёрлаш, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, соҳа ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, айни шу йўналишларда илмий ва ўқув-методик материалларни ишлаб чиқиш бўйича таянч олий таълим муассасаси ҳисобланади. Бугунги кунда мазкур таълим муассасасида Ўзбек филологияси, Ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш, Таржима назарияси ва амалиёти, Амалий филология факультетлари фаолият юритиб келмоқда.

Ўзбек филологияси факультети Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 13 майдаги фармонига кўра, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Ўзбек филологияси факультети негизида ташкил қилинган.
Факультет талабаларига университет ташкил этилган дастлабки йилларда Мунавварқори, Фитрат, Абдулла Авлоний, Абдураҳмон Саъдий каби олимлар адабиётшунослик ва тилшуносликка оид назарий курслардан дарс берганлар. Ана шу анъана ва тажрибалар натижаси ўлароқ Ғулом Каримов мумтоз адабиётимиз тарихи, Айюб Ғуломов ўзбек тилшунослиги, Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов адабий танқид, Бегали Қосимов ўзбек миллий уйғониш адабиётини тадқиқ этиш бўйича илмий мактаб яратганлар.
Бу илмий мактаблар анъаналари бугунги кунда ҳам муносиб давом эттирилмоқда. Факультетда таҳсил олиб, илмда юксак натижаларга эришган олимлар кўп. Жумладан, тилшунос ва адабиётшунос олимлар: Иззат Султон, Матёқуб Қўшжонов, Азим Ҳожиев, Иристой Қўчқортоев, Бахтиёр Назаров, Наим Каримов Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги этиб сайланган. Сарвар Азимов, Ғулом Каримов, Субутой Долимов, Матёқуб Қўшжонов, Озод Шарафиддинов, Ҳафиз Абдусаматов, Лазиз Қаюмов, Наим Каримов, Бегали Қосимов, Умарали Норматов ва Абдуғафур Расуловлар Ўзбекистон Республикаси фан арбоби унвонига сазовор бўлган.
Машҳур ёзувчи ва чи ва шоирлардан Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Одил Ёқубов, Саида Зуннунова, Ўлмас Умарбеков, Рауф Парфи, Шукур Холмирзаев, Худойберди Тўхтабоевлар ижод сирларини шу даргоҳда ўрганишган.
Факультетда таҳсил олганлардан тўрт нафари Ўзбекистон Қаҳрамонларидир. Улардан бири – адабиётшунос олим Озод Шарафиддинов кўп йиллар факультетда адабий танқид сирларидан сабоқ берган. Ўзбекистон халқ шоирлари – Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидов, атоқли адабиётшунос, таржимон ва публицист Иброҳим Ғафуров нафақат факультет, балки бутун Ўзбекистон фахри саналади.
Кейинги икки йилда факультет профессор-ўқитувчилари томонидан 41 та монография, 10 та дарслик, 21 та ўқув қўлланма ва 25 та ўқув-услубий қўлланма, яъни янги авлод ўқув адабиётлари яратилиб, таълим жараёнига кенг татбиқ этилди.

Президентимиз алоҳида қайд этганидек, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг фаолияти йўлга қўйилди. Бу ерда фольклоршунослик, диалектология, туркология, матншунослик каби йўналишлар очилди. Бу борада янги ўқув дастурлари яратилаётгани, дарслик ва қўлланмалар, рисола ва монографиялар нашр этилаётгани, илмий анжуманлар, оммавий ахборот воситаларида ўзбек тилининг бугуни ва истиқболи ҳақида амалий таклиф ва ташаббуслар билдирилаётгани ғоят муҳим аҳамиятга эга.
Маълумки, улуғ аждодларимизнинг илм-фан соҳасидаги буюк кашфиётлари ва инсоният тафаккури ривожига қўшган улкан ҳиссаси умумжаҳон миқёсида эътироф этилган. Ана шундай қутлуғ анъаналарни давом эттириб, юртимизда уларга муносиб фарзандларни тарбиялаш муҳим вазифалардан саналади. Шу маънода айтиш мумкинки, ҳозирги кунда таълим бериш фаолияти янада такомиллаштирилиб, халқимизнинг асрлар давомида шаклланган илм сари интилиш фазилати яна бир бор намоён бўлмоқда.
Хусусан, жорий ўқув йилида факультетимизнинг уч нафар талабаси, яъни Моҳияхон Узоқова Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендияси, Орифжон Олимжонов Ислом Каримов стипендияси, Мадина Саматбоева эса Алишер Навоий стипендияси совриндори бўлди. Бир сўз билан айтганда, талаба-ёшларимиз соғлом ҳамда гўзал турмуш кечириш, эгаллаган касби бўйича доимий иш ўрнига эга бўлиш, масъулиятни ўз зиммасига олиш, инсоний қадр-қимматини камситишга йўл қўймаслик, қисқача айтганда, комилликка эришиш учун ҳаракат қиляпти ва бу жараёнда таълим олишни энг асосий шарт сифатида кўрмоқда.
Факультетда давлат раҳбари илгари сурилган ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббус доирасида ҳам талайгина ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, талабаларнинг дарсдан ташқари бўш вақтларини мазмунли ўтказиши учун факультетда “Гулшан”, “Ҳилол”, “Шевашунослик”, “Лингвист” тўгараклари, “Ёш мунаққид” клуби мунтазам ишлаб турибди. Профессор-ўқитувчилар муаллифлигидаги мумтоз ва замонавий адабиётимизнинг тарғиботига бағишланган “Хамсахонлик”, “Гўзал ёзғичлар”, “Адабий жараён” каби туркум кўрсатувлар республика телеканалларида ёритиб борилмоқда.
Бинобарин, бугун “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” қадам ташлаётган, ҳар жабҳада қиладиган ишларимиз, таълим-тарбия ва кадрлар сиёсати — барчаси Учинчи Ренессанс учун шарт-шароит яратишга қаратилган мамлакатимизда давлат тили масаласи миллий ғоямизнинг асосий тамойилларидан бири саналади. Шунинг учун мамлакатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, бугунги кунда биз янги Ўзбекистонни, янги Ренессанс пойдеворини барпо этишдек эзгу мақсадларимизга эришишда, ҳеч шубҳасиз, она тилимизнинг ҳаётбахш қудратига таянамиз.
Чунки, неча асрлар оша аждодларимиздан бизга безавол ўтиб келаётган она тилимизнинг равнақи ва истиқболи ҳақида қайғуриш – бу миллатнинг ўзлигини англаши, унинг маънавий камолотини юксалтириш учун кураш демакдир. Давлат тилининг обрў-эътибори – бутун халқ, бутун жамиятнинг обрў-эътиборидир. Қолаверса, фундаментал фанлар, замонавий ахборот ва коммуникация технологиялари, саноат, банк-молия тизими, юриспруденция, дипломатия, ҳарбий иш ва шу каби ўта муҳим тармоқларда ўзбек тили ўзининг ҳақиқий ўрнини эгаллашига эришиш, шу мақсадда замонавий дарсликлар, этимологик ва қиёсий луғатлар яратиш, зарур атама ва иборалар, тушунча ва категорияларни ишлаб чиқиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу боис факультет профессор-ўқитувчилари ҳам ўзбек тилини сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ва бошқа соҳаларда қўллаш, ўзбек тили ва адабиётини янада ривожлантириш борасидаги илмий, илмий-амалий изланишлар доирасини кенгайтириш йўлидаги фаолиятини янада такомиллаштириб бормоқда.
Бахтиёр АБДУШУКУРОВ,
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили
ва адабиёти университети
Ўзбек филологияси факультети декани,
филология фанлари доктори, профессор.
ЎзА