Ҳар тонгни мадҳиямиз садолари билан қарши оламиз. Қалбимизда янги кунга, истиқлолга ва бугунги тинч-осойишта ҳаётимизга шукроналик, келажакка қатъий ишонч туйғуси жўш уради.
1992 йил 10 декабрь Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳиясининг ҳуқуқий мақомини белгиловчи қонун қабул қилинди. Бугун Бухоро вилоятида мадҳиямиз қабул қилинган кун кенг нишонланмоқда.
Сана муносабати билан Бухоро шаҳридаги “Абу Хафс Кабир” зиёратгоҳида мангу қўниб топган инсон, Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси мусиқасини басталаган буюк композитор Мутаваккил Бурҳонов пойига гул қўйиш маросими ўтказилди. Маросимда Бухоро вилояти ҳокимлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят ва шаҳар бўлими, олий таълим муассасалари, бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси мустақилликка эътиқодни тарғиб қилади. Унинг матни фуқароларимизни мустақил давлат қуриш йўлида матонат ва жасоратга, сабр-тоқат ва фидокорликка, ташаббускорлик ва курашга чақиради, миллий ғурурни уйғотади. Мадҳиямиз байрамлар, сиёсий чиқишлар, спорт анжуманлари, расмий давлат қабуллари, аҳамиятли митинглар, турли давлат бошлиқларини кутиб олиш ва кузатиш маросимлари ҳамда қонун билан белгиланган бошқа ҳолларда ижро этилиб, давлат суверенитетига эътиқод ва ҳурматни расмий мусиқа ҳамда матн билан ифода этади.
Мадҳиямиз мамлакат мустақиллиги, халқ озодлиги давлатнинг буюк келажаги ҳақида куйлайдиган, фаровон жамият қурилиши йўлида фидокорона меҳнат, бунёдкорлик ва тадбиркорликка руҳ бағишлашга хизмат қиладиган истиқлол рамзидир.
[gallery-20789]
Давлат мадҳиясининг ҳуқуқий мақоми махсус қонун билан мустаҳкамланиб, унинг мақсади давлат суверенитетига бўлган эътиқоднинг расмийлигини таъминлаш, давлат суверенитетининг идрок қилиниши учун матн ва мусиқа ёрдамида ифодалашдан иборатдир.
– Юксак ватанпарварлик туйғусини мужассам этган мадҳиямиз бугун таълим масканларида ёш авлоднинг Ватанга муҳаббат руҳида камол топишига хизмат қилмоқда, – дейди Бухоро педагогика институти ректори Баҳодир Маъмуров. – Энди ҳарф таний бошлаган жажжи фарзандларимиз миллатимизнинг бош қўшиғини куйлай бошлаганида севинчдан ҳаяжонга тушамиз. Бундай лаҳзаларда халқ ва Ватан улуғланган қўшиқ инсонлар қалбига юксак ва беғубор туйғуларни жо этишга, бу ёруғ оламни янада мунаввар кўрсатадиган илоҳий мўъжиза эканлигига яна бир бор амин бўламиз. Юртнинг энг улуғ қўшиғини эъзозлаш, ёд олиш ва баралла куйлаш ҳар бир юртдошимизнинг бурчидир.
Тадбир давомида Бухоро шаҳрининг Баҳоуддин Нақшбанд кўчасида жойлашган Мутаваккил Бурҳоновнинг уй музейига ҳам саёҳат ташкил этилди. Уй-музей Бухоро давлат бадиий меъморчилик музей-қўриқхонасининг филиали мақомида ташкил этилган бўлиб, бу ерда бастакор ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ 2 мингдан ортиқ фото суратлар, турли ҳужжатлар, мусиқа асбоблари, кийим-кечак ва уй-рўзғор буюмлари жамланган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2018 йилда ташкил этилган уй-музейда бастакорнинг болалик йилларини акс эттирувчи фотосуратлар, ижод хонасида чолғу асбоблари, эсдалик совғалар, китоблар, ҳужжатлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат Мадҳиясининг ноталари билан ёзилган нусхаси, унинг ижодини эътироф этиб тақдирланган орден ва медаллари, давлат мукофотлари ўрин олган.
Музей “Мутал Бурҳонов умр йўли”, “Бастакор ижод хонаси”, “Эътироф, эҳтиром”, “Мусиқа тарихи” каби бўлимлардан иборат. Уй-музейида Марказий Осиёда мусиқа санъати ривожланишига оид ҳужжатлар, ХVIII асрда Бухорода шаклланган “Шашмақом”нинг дастлабки нотага солиниши, у билан боғлиқ илк тадқиқотлар, Ўзбекистон мадҳияси мусиқасининг яратилиш жараёни акс этган лавҳалар кўпчиликни қизиқтириши шубҳасиз.
Истиқлолимизни, юртимизнинг куч-қудрати, халқимизнинг ақл-заковати, аждодларимизнинг шон-шуҳрати ва авлодларимизнинг ёруғ келажагини шарафловчи бу тарона асрлар оша баралла янграйверади.
Сана муносабати билан вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида, корхона, ташкилотларида, таълим муассасаларида маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА