Ўзбекистон – жаннатмакон юрт. Тупроғига ёғоч суқсанг, бешак ниҳолга айланади. Елкангни отангдай силаб тургувчи қуёш нурини, товонингни ўпгувчи она тупроқни, кулчаю олмалар оқизиш имконини берган шарқироқ ариқ сувларини яна қаердан топиш мумкин.
Тинчлик – улуғ неъмат. Бугун халқимиз осойишта, тинч-тотув ҳаёт кечирмоқда. Аммо бу кунларга етишиш осон бўлмаган. Тинчлик – неча минглаб қоракўзларнинг хизмати, кўз ёши эвазига, уруш майдонларида кўксини қалқон қилиб курашган эр-йигитлар, минг-минглаб қорахатларни бағрига қучиб, тобутини боласи каби юзу кўзидан ўпган оналарнинг, ойлар, йиллар санаб, ёрини интизор кутган неча минг тул келинларнинг сабр-матонати эвазига эришилган хотимадир. Халқимиз бу йўлда жонини фидо қилган мард қаҳрамонларни ҳеч қачон унутмайди.
Тошкент шаҳрида жойлашган «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасида ёшлар ўртасида ўзбек халқининг Иккинчи жаҳон урушидаги жасорати, сабр-матонати, мардлиги ҳамда ватанпарварлигини кенг тарғиб қилиш ҳамда фронт ортида меҳнат қилган юртдошларимиз хотирасига бағишлаб «Шон-шараф» республика ҳарбий фестивали ташкил этилди.
Фестиваль доирасида жамоатчилик вакиллари, ҳарбийлар ва фаол ёшлар иштирокида ўзбек оналарининг матонатли вакиласи Зулфия Зокирова ҳайкали пойига гулчамбар қўйиш маросими бўлиб ўтди.
Уруш – минглаб одамларнинг ёстиғини қуритган офат. Минглаб инсонларни жигарпорасидан, отасидан, ёридан айирган заҳри қотилдир. Уруш талафотлари кириб бормаган, унинг жабру жафосидан зарар кўрмаган хонадон бўлмаса керак. Дунё тарихидаги бу мудҳиш воқеа асрлар давомида кўпчиликка сабоқ бўлиш билан бирга, у қолдирган битмас жароҳатлар яраси ҳамон бағримизни тилади. Ана шундай изтироблардан бири урушда беш нафар ўғлидан айрилган Зулфия Зокировадир.
Бугунги фестиваль аввалида жамоатчилик вакиллари, ҳарбийлар ва фаол ёшлар иштирокида ўзбек оналарининг матонатли вакиласи, Тошкент вилояти, Зангиота туманидаги Хонобод қишлоғида истиқомат қилган Зулфия Зокирова ҳайкали пойига гулчамбар қўйилди.
Зулфия Зокирова турмуш ўртоғи Холмат ака вафот этгач, беш ўғил ва бир қизни тарбиялаб вояга етказган. Иккинчи жаҳон урушида бир эмас, беш азамат ўғлидан – Исоқжон, Аҳмаджон, Мамажон, Ваҳобжон, Юсуфжон исмли азиз фарзандларидан жудо бўлган. Унинг тўрт келини бева, беш набираси етим бўлиб қолган. Келинлари ҳам Зулфия аядан ўрнак олиб, ўз оиласига содиқ қолган, бошқа турмуш қурмаган.
2020 йил 9 май–Хотира ва қадрлаш кунида давлатимиз раҳбари таклифга асосан Зулфия Зокирова ва унинг фронтдан қайтмаган беш ўғли, садоқатли келинлари хотирасига атаб муҳташам ҳайкал ўрнатилди ҳамда унга «Матонат мадҳияси» номи берилди.
Халқимизга матонатли бу аёлнинг тақдири «Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмасига кўра, «Эзгу фильм» киностудияси томонидан тайёрланган «Илҳақ» бадиий фильми орқали ҳам анчайин таниш.
Фестивалда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардияси, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат Божхона қўмитаси, Давлат хавфсизлик хизматининг курсантлари, ҳарбий хизмат вакилларининг кўргазмали ҳарбий парад–саф юришлари бўлди.
[gallery-2112]
Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ташаббуси билан ёш волонтёрлар иштирокида ҳарбий ватанпарварлик, ўзбек халқининг Иккинчи жаҳон урушидаги жасоратига оид саволлар асосида викторина ўйинлари ташкил қилинди. Викторинада берилган саволларга тўғри жавоб берган ёшларга «Ёшлар кутубхонаси» рукни остида китоблар жамланмаси совға қилинди. Шундан сўнг ёшлар иштирокида «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуаси бўйлаб экскурциялар ташкил этилди.
Фестиваль доирасида «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасининг конференциялар залида «Фахрийлар ва ёшлар» учрашуви ташкил этилди. Учрашувда Иккинчи жаҳон урушидаги жасорати, сабр-матонати, мардлиги ҳамда ватанпарварлиги ҳамда фронт ортида меҳнат қилган юртдошларимиз хотираси ёдга олинди. Тадбир давомида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг уруш йиллари ва фронт ортидаги хотиралари сўзланди ва ёшларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди. Фестивалнинг тантанали асосий очилиш маросимида Ёшлар ишлари агентлиги директори ўринбосари Дилноза Каттаханова, Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири ўринбосари Ҳамдам Қаршиев, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси раҳбари ўринбосари Сарвар Мамаюсупов, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири ўринбосари Азизбек Икрамовлар иштирок этишди.
Дастур давомида фронт ортида хизмат қилган юртдошларимиз хотирасига бағишланган саҳна кўриниши ҳамда ўзбек халқининг Иккинчи жаҳон урушидаги жасорати, сабр-матонати, мардлиги ва фронт ортида меҳнат қилган юртдошларимиз хотирасига бағишлаб гала-концерт намойиш қилинди.
Фестивалда ёшларнинг Ўзбекистон ёшларига мурожаати қабул қилинди.
Файзулло Яҳёев, ЎзА