Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шон-шараф, матонат, ибрат маскани
10:31 / 2021-05-18

18 май – Халқаро музейлар куни

2020 йил бутун Ер курраси учун ғоят синовли кечди. Барча қийинчиликларга қарамай, пойтахтимизда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуаси ва унинг таркибидаги «Шон-шараф» давлат музейи тинчлик ва осойишталик, беғубор тонглар, хотиржам кунларнинг қадр-қимматини теранроқ англашга ундаши билан аҳамиятлидир.

Ўтган қисқа вақт мобайнида бу ерда олим ва мутахассислар, тарихчи ва экспертлар томонидан илмий изланишларнинг фаол олиб борилаётгани натижасида Ўзбекистоннинг Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган Ғалабага қўшган ҳиссасига доир ҳали ўқилмаган маълумотлар юзага қалқиб чиқмоқда. Мазкур музей фонди янги-янги экспонатлар, архив материаллари, фотосуратлар, ашёвий материаллар билан тобора бойиб бормоқда.

Мамлакат раҳбарининг Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирда сўзлаган нутқида қайд этилганидек, Ғалаба боғи ёдгорлик мажмуасини ҳарбий тарихимиз, уруш ва меҳнат фронти қатнашчилари жасоратини ўрганиш бўйича илмий марказга айлантириш бўйича тизимли ишлар бошланди.

Шу мақсадда ташкил этилган ишчи гуруҳи мажмуанинг электрон платформаси, онлайн дастурларини яратди ва уларнинг фаолиятини йўлга қўйди. Мажмуанинг веб-сайти такомиллаштирилди. Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган 2 миллионга яқин ватандошимизнинг тўлиқ рўйхатини шакллантириш ва шу асосда «Ватан фидойилари» хотира китобини тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда. Шон-шараф» давлат музейида 12,5 мингга яқин экспонат тўпланган бўлиб, уларнинг сони тобора ортиб бормоқда.

Яқинда ушбу маърифат маскани экспозициясидан яна кўплаб тарихий материаллар ўрин олди.

Маъсума Қориева ҳақида адабиётшунос, театршунос олимлар, атоқли санъаткорларнинг хотиралари ёдимизда унча-мунча сақланиб қолган бўлсада, лекин унинг ғоят мураккаб ва аччиқ тақдиридан барча ҳам хабардор бўлмагани рост. Маълумотларга кўра, Маъсума Қориева Ҳамза номидаги театр (ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театри) жамоасининг энг етакчи санъаткорларидан бири эди. Унинг қайнотаси Абдувоҳид Қориев жамоат ва дин арбоби, педагог, маърифатпарвар инсон бўлиб, мустамлака тузумининг қатағонига дучор бўлиб, 1938 йилда умри якун топади.

Маъсума опанинг қайин укаси – истеъдодли шоир Олтой Қориев, турмуш ўртоғи – Маданият вазирлиги санъат бошқармасининг бошлиғи Босит Қориев ҳам 30 йилларда ноҳақ сиёсий қатағонга учрайди. Иккинчи жаҳон уруши бошлангач, мушфиқ санъаткор аёлнинг иккала ўғли ҳам фронтга боради. Зеро, икки ўғлимни фронтга жўнатсам, отаси туфайли отилган таъна тошларидан қутулишармикан, деган фикр санъаткор опани тарк этмаган. Бошига оғир кулфатлар тушган Маъсума опа Қориева «халқ душмани оиласининг вакиласи» сифатида ижодий жараёндан - саҳнада роль ижро этишдан ҳам маҳрум бўлган эди. Мустамлака тузум туппа-тузук зиёли, маърифатпарвар бир сулоланинг тақдирини шу тариқа ер билан яксон этганди...

Уруш тугайди. Лекин Маъсума опанинг икки ўғли- Шавкат ва Ботирдан дарак йўқ эди. 1946 йилда Москвага ҳақиқат излаб борган истеъдодли санъаткор умр йўлдоши отилгани, ўғилларининг иккиси ҳам ҳалок бўлгани ҳақида хабар топади. Оғир изтироблар Маъсума Қориеванинг ҳам умрига якун ясайди. Маълум бўлишича, урушда кўрсатган жасорати учун Шавкат Қориев «Қизил байроқ» ордени, Ботир Қориев эса «Қизил юлдуз» ордени билан тақдирланган экан. Умри Москвада поёнига етган санъаткор аёл, муштипар она бундан бехабар бўлганди...

Музейдаги ҳеч бир экспонатга бефарқ қараш мумкин эмас. Уларнинг ҳар бирида қанчадан-қанча тарих, тақдирлар, қонга, шон-шарафга йўғрилган умр йўллари бор. Шунданми, бу масканга келаётганлар сафи тобора ортмоқда. Ҳа, бу даргоҳ чиндан ҳам шон-шараф, матонат, ибрат мактабидир. У барчани тинчликни асраб-авайлаш, мудом шукроналик билан яшашга ундайди, ҳамиша огоҳ бўлишга чорлайди.

 

 Н.Усмонова,  ЎзА