Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шомуродовлар уй музейига сайр
14:09 / 2021-06-05

Нукус шаҳридаги Амет ва Ойимхон Шомуродовлар уй-музейида қорақалпоқ ҳамда ўзбек адабиёти ва санъатига улкан ҳисса қўшган Амет Шомуродов ва унинг рафиқаси Ойимхон Шомуродова фаолиятига оид қимматли экспонатлар сақланмоқда.

Бинонинг асосий кириш залида иккала маърифатпарнинг ижод маҳсуллари, китоблари, умр йўли давомида эришган ютуқлари, унвон ва юксак мукофотлари намойиш этилган. Зал бўйлаб Ойимхон Шомуродова ижро этган «Бўзатов» миллий қўшиғи янграб турибди.

- Музей очилгандан буён шу ерда фаолият юритаман, - дейди Балумаржон Шерниёзова. - 22 йилдан буён тадқиқотчилар, санъат ва адабиётга бефарқ бўлмаган инсонларни музейимизга жалб этиб келмоқдаман. Музейдаги экспонатлар Амет Шомуродовнинг ўз позициясига эга, салоҳиятли инсон бўлганини кўрсатса, Ойимхон Шомуродовани оқила, зебо ва зукко аёл бўлганини намойиш қилади. Бугунги ёшлар қорақалпоқнинг ушбу машҳур финоменларидан ўрнак олса арзийди. Музейимиз ҳақида кенг жамоатчилик хабардор бўлиш имкониятини ҳам яратдик, энди қизиқувчилар shomuratova.uz сайтимиз орқали барча маълумотларга эга бўлиши мумкин.

Зал бўйлаб ўнгда уларнинг ижод жараёнларида фойдаланган нарсаларига дуч келасиз. Бир томонда пианино, акардион, қўбиз, рубоб, чанқовуз, бошқа томонда қалам, дафтар, турли китоблар, ҳарф терувчи машина... Хона ўртасидаги стол устида икки маърифатпарвар ҳақида ёзилган мақола, ҳикоя ва шеърлар киритилган журнал ва китоблар териб қўйилган. 2004 йилда Ойимхон Шомуродова «Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланган. Ушбу юксак мукофот музейнинг қимматли экспонатларидан бири ҳисобланади.

Асосий залдан чапдаги хонани қорақалпоқ либослари хонаси, дейиш мумкин. Унда «Киймишек»дан тортиб, «Кўк кўйлак»гача учратиш мумкин. Буларнинг ҳаммасини Ойимхон Шомуродова катта-катта саҳналарда, театрларда турли образларни гавдалантирганда кийган. Музей экспонатлари орасида унинг замонавий либослари, тақинчоқ ва пардоз анжомлари ҳам ўрин олган. Уй-музейда Ойимхон Шомуродова номига келган машҳур инсонларнинг телеграммалари, мактублари ва санъаткорга бағишлаб ёзилган шеърларнинг асл нусхасини ҳам учратиш мумкин.

Амет Шомуродов қисқа (1912-1953), бироқ мазмунли умр кечирди. «Менинг йўлбарслар билан танишувим», «Эски мактабда» асарларини китобхонлар севиб ўқишади. Унинг «Қирққиз» мусиқий драмаси ва «Орол қизи» пьесаси ҳамон театр саҳналарида тез-тез намойиш этилади.

Ойимхон Шомуродова қорақалпоқ театрининг илк актрисаси ҳисобланиб,  23 ёшида Қорақалпоқ халқ артисти, 33 ёшида Ўзбекистон халқ артисти, 50 ёшида собиқ иттифоқ халқ артисти унвонига сазовор бўлган. Умри давомида 200 дан ортиқ қўшиқлар куйлаган.

Музей 1999 йил ташкил этилган бўлиб, ҳозирда уни Шомуродовларнинг кенжа қизи Ойимгул Шомурадова бошқариб келмоқда.

Дилобар Маматова, ЎзА