Пойтахтимизда “Шоли ва дуккакли дон экинлари селекцияси, уруғчилиги ҳамда етиштириш агротехнологияларининг илмий-амалий асослари” мавзусидаги халқаро анжуман ўтказилганидан сўнг, унинг қатнашчилари ушбу соҳа билан яқиндан танишиш мақсадида Тошкент вилоятида жойлашган Шоличилик илмий-тадқиқот институтида ҳам бўлдилар.
Ҳозирда бу ерда нафақат маҳаллий селекционерлар, балки хорижий давлатларнинг олимлари билан ҳам ҳамкорларликда илмий-тадқиқотлар олиб борилмоқда. Конференцияда иштирок этган 20га яқин давлатларининг олимлари ва мутахассислари институт фаолияти ва шоли агротехникаси билан яқиндан танишди.
Айтиш керакки, бугунги кунда Жанубий Кореянинг “KOPIA” маркази билан ҳамкорликда юртимизда шоличиликда қиймати 3 700 000 АҚШ доллари бўлган янги лойиҳа амалга оширилмоқда ва ушбу йўналишда янги қишлоқ хўжалиги техникалари ҳарид қилинди. Уларнинг унумдорлиги конференция иштирокчиларига амалда намойиш этиб берилди.
Ҳозирда икки мамлакат олимлари ҳамкорликда Ўзбекистон иқлим шароитига мос шолининг серҳосил, сув кам талаб қиладиган, шўр ва стрессга чидамли навларини яратиш ва тадбиқ этиш борасида бир қатор илмий изланишлар олиб бормоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/HmMIH6vsLSI" title="Sholichilikda ilm va innovatsiya" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Шу ўринда куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Шоли етиштирувчилар фаолиятини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилингани соҳа ривожида муҳим воқеа бўлди. Унда тармоқ тараққиёти учун имтиёзли кредитлар ажратиш, янги уруғ сеялкалари ҳамда кўчатлаб экиш ускуналари қийматининг 20 фоизини қоплаш учун субсидиялар ажратиш, ҳар бир гектар лазерли текисланган майдонга сарфланган ёқилғи-мойлаш материаллари харажатларининг 100 фоизини ҳамда замонавий сув тежовчи технологияларни жорий қилиш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисмини қоплаш кўзда тутилган.
Қарор асосида Корея Республикасининг "KOPIA" маркази билан ҳамкорликда Гурлан туманида масъулияти чекланган жамиятлар шаклида шоли элита уруғчилик марказлари ташкил этилади. Улар томонидан уруғлик шолини тозалаш, саралаш ва қадоқлаш ишлари амалга оширилади.
Шоличилик илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорликда уруғчилик марказларида сўнгги авлод уруғликларини кўпайтириш йўлга қўйилади.
Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази билан Филиппин Халқаро шоличилик илмий-тадқиқот институти ўртасида доимий ҳамкорлик алоқалари ўрнатилади. Шолининг шўрга, қурғоқчиликка чидамли эртапишар ва халқаро стандартларга мос навлари олиб келиниб, Хоразм вилоятининг тупроқ-иқлим шароитида мунтазам синовлар ўтказилиши йўлга қўйилади.
Албатта буларнинг барчаси энг аввало соҳани тараққий эттиришга, ҳосилдорликни ошириш ҳамда илғор хорижий тажрибаларни юртимизда оммавийлаштиришга хизмат қилади.
Санжар Тошпўлатов, Улуғбек Тўхтаев (видиео), ЎзА