Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шоличиликда илғор тажрибалар қўлланилади
15:22 / 2026-01-26

Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Ўрта Чирчиқ туманида ҳудудда фаолият юритувчи шоличилик фермер хўжаликлари раҳбарлари билан учрашув ўтказди. Унда вилоят ҳокимининг тегишли ўринбосарлари, туман ва шаҳар ҳокимлари, мутасадди идора раҳбарлари, қишлоқ хўжалиги соҳаси масъуллари ҳам иштирок этди.

Тадбирда 2025 йил ҳосили учун шоли етиштиришда амалга оширилган ишлар, мавжуд муаммолар, йўл қўйилган камчиликлар ҳамда 2026 йил ҳосили учун белгиланган устувор вазифалар батафсил муҳокама қилинди. Хусусан, ўтган йилда 252 та шоли етиштирувчи фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан 9 минг 947 гектар майдонга шоли экилиб, ўртача гектаридан 55 центнердан жами 54,7 минг тонна шоли етиштириш белгиланган. Лекин статистик ҳисоботларда режага нисбатан 35,1 фоиз ҳосил ҳисоботда кўрсатилган ёки 36,4 минг тонна маҳсулот кўрсатилмаган. 

Ҳудудлар кесимида Бекобод, Қуйи Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ, Бўка, Янгийўл, Чиноз туманларида шу каби мавжуд ҳолатлар аниқланди. Бундан ташқари, вилоят бўйича 55 та фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналарининг солиқдан 3 миллиард 481 миллион сўмдан ортиқ қарздорлиги сўндирилмаган. Жойларда янги иш ўринларини яратиш вазифаси назоратсиз қолдирилган. 

Бу борада Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорида қишлоқ хўжалиги йўналишидаги фермер ва корхоналар 1 йил давомида ҳар бир гектар майдон учун йўналишлари кесимида иш ўрни яратиш меъёрлари белгиланган. Шундан келиб чиқиб, бугунги кун ҳолатига шоличилик фермер ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан амалда 3,7 минг нафар ёки 60 фоиз иш ўринлари яратилган. 

Учрашувда вилоят ҳокими томонидан шоличилик соҳасида ҳисобот ва статистика интизомининг бузилиши, ер ва сув ресурсларидан мақсадсиз фойдаланиш, солиқ, электр қуввати бўйича қарздорликларнинг ортиб кетиши, минерал ўғитлар билан таъминлаш ҳамда замонавий технологияларни жорий этишдаги сусткашликлар кескин танқид қилинди. Шу билан бирга, шоличиликда камчиликларга йўл қўйган масъуллар ва фермер хўжалиги раҳбарлари қатъий огоҳлантирилди. Жорий йилда бу муаммоларга йўл қўймаслик мақсадида соҳани янада ривожлантириш лозимлиги айтилди. 

Тадбирда етиштирилган маҳсулотни қайта ишлаш ва бозорга чиқаришдаги масалалар ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Якунда вилоят ҳокими соҳада аниқ натижа ва самарадорликка эришиш учун фермерлар билан тизимли ишлаш, ҳар бир муаммони жойида ҳал этиш, масъул раҳбарларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш зарурлигини айтди. 

А.Мусаев, ЎзА.