Мамлакатимизда шоли етиштиришда инновацион технологияларни жорий этиш, хорижий давлатлар билан илмий натижалар алмашинуви ва кадрлар малакасини оширишда самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Шоличилик илмий-тадқиқот институтига халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида Қозоғистон Республикасидан делегация ташриф буюрди.
Делегацияга Қозоғистон Фанлар академияси академиги С.Умрзоқов ва Қозоғистон шоличилик илмий-тадқиқот институти директори ўринбосари Ж. Байманов бошчилик қилди.
Сўнгги йилларда икки мамлакатнинг қишлоқ хўжалиги ва илм-фан соҳаларида эришилган ютуқлар, айниқса, шоличиликда ҳосилдорликни ошириш, касалликларга чидамли навлар яратиш ва сув тежовчи технологияларни қўллаш борасидаги тажрибалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, меҳмонлар институт лабораториялари фаолияти, моддий-техник базаси, замонавий тадқиқот усуллари билан яқиндан танишди. Улар, айниқса, селекция, генетика, уруғчилик ва агротехника лабораторияларидаги илмий жараёнларга катта қизиқиш билдирди.
Шоличилик илмий-тадқиқот институти директори Абдулло Мансуров қозоғистонлик ҳамкасбларига Ўзбекистон шоличилигининг жорий ҳолати, яратилган янги навлар ва уларнинг афзалликлари ҳақида батафсил маълумот берди.
Музокаралар якунида ўзаро англашув меморандуми имзолаш бўйича келишувга эришилди.
М.ҲОЖИАКБАРОВА, ЎзА