Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шольц, Гросси, Гутеррриш... ва бошқалар нима дейди?
20:37 / 2022-11-01

Россия-Украина

Германия канцлери Олаф Шольц ва Украина Президенти Владимир Зеленский телефон суҳбати давомида дон шартномасини таҳдид остида қолдириб, дунёда озиқ-овқат билан боғлиқ вазиятни мураккаб ҳолатга тушириб қўймасликка чақирди. Бу ҳақда Германия ҳукумати расмий вакили Штеффен Хебештрайт хабар берди.

Суҳбат чоғида Шольц Берлин томонидан Киевни сиёсий, молиявий, ҳарбий ва гуманитар қўллаб-қувватлаш, мамлакат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш давом этишига ишонтирди.

МАГАТЭ Бош директори Рафаэль Гроссининг маълум қилишича, бугун мазкур халқаро ташкилот экспертлари Украина мурожаатига биноан, икки энергетика иншоотида текширув ўтказишни бошлади.

Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба хабар беришича, 12 мамлакатнинг ҳукумати ва компаниялари Украинага энергетика ускуналари етказиб беришга розилик билдирган. Исроил, Испания, Италия, Литва, Германия, Шимолий Македония, Польша Жанубий Корея, Словакия, Словения, Финландия ва Франция давлатлари жами 954 дона энергетика ускунаси етказиб беради.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Президент Зеленский билан телефон мулоқотида Украинанинг дон келишувига содиқлигини тасдиқлади.

Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғлу россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан бўлиб ўтган телефон суҳбати чоғида дон шартномаси юзасидан гаплашди.

Болгария ҳукумати украиналик қочоқларни мамлакат ҳудудидаги меҳмонхоналарга жойлаштириш бўйича тегишли қарор қабул қилди. “Дастлабки икки ҳафта Украина фуқаролари ҳукуматнинг дам олиш оромгоҳларида қолади”, дея хабар берди ички ишлар вазири Иван Демержиев. Туризм вазири Илин Димитров аниқлик киритишича, украиналикларга 523 миллион лев, (тахминан 260 миллион евро) сарфланган. Бундан ташқари Европанинг турли дастурлари бўйича ҳам Софияга маблағ келиб тушган.

Февраль ойидан бери Болгарияга жами 800 мингга яқин украиналик қочоқ келган.

Бош вазир ўринбосари, Италия ташқи ишлар вазири Антонио Таянининг “Rete-4” телеканалига берган интервьюсида Рим Украина мудофаасини таъминлаш учун барча зарур ишни амалга оширади, деди.

“Италия ҳеч қандай дипломатик макон ёпилиб қолишини истамайди ва якуний мақсад – тинчликка эришиш эканини тасдиқлайди”, деди Таяни.

Украинага ёрдам кўрсатиш атрофидаги гап-сўз туфайли АҚШ республикачилар партияси вакиллари орасида англашилмовчилик юзага келмоқда, деб хабар берди “The Washington Post” газетаси.

Вакиллар палатаси депутати Кевин Маккартининг Конгрессга оралиқ сайловдан кейин Киевга кўмаклашиш даражаси камаяди, деган баёнотидан кейин кескинлик авж олди.

“Республикачилар сафида камдан-кам кузатиладиган ҳолат вужудга келди. Агар улар сайловда кўпчилик овоз олишса, кураш янада авж олишини кутиш керак”, деб хулоса қилади нашр.

Аброр ХОН, ЎзА