Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Шоирларнинг султони”га эҳтиром кўрсатилди
20:38 / 2026-02-09

Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги муносабати билан давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, зиёлилар, шоир ва ёзувчилар, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари Навоий шаҳрида қад ростлаган бобокалонимиз ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиб, ҳазрат Навоийга таъзим бажо келтирди.

Ҳар йили Алишер Навоий номи билан юритилувчи вилоятда сўз мулкининг султони Ҳазрат Мир Алишер Навоий таваллуди ўзгача нишонланади. Шоир ҳаёти ва ижодий фаолиятига бағишланган турли адабий кечалар, мушоиралар, давра суҳбатлари, маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилади.

Таъкидланганидек, бадиий адабиётнинг юксалишида Алишер Навоийнинг тутган ўрнини сўз билан изоҳлаб бўлмайди. Тадқиқотчилар фикрига кўра, Алишер Навоий сўз мулкининг султони сифатида асарларида 1 миллион 378 минг 660 тадан ортиқ сўз, шу жумладан, 26 мингта бетакрор сўз қўлланилган.

Алишер Навоий беқиёс шижоати, фидокорона меҳнати, миллатпарварлиги, халқсеварлиги, ноёб истеъдоди билан эски ўзбек адабий тилини ўрта асрлар Шарқ халқлари дунёсида юқори мавқедаги араб ва форс тиллари даражасига кўтарди. Шу боисдан Навоий ўзбек адабий тилининг асосчиси, дея таърифланади.

[gallery-27559]

– Адабиётшуносларнинг олиб борган изланишлари Навоий сиймоси, у яратган асарлар умрбоқийлигининг сирларини ўрганиш, сабоқ олиш буюк мутафаккир яшаб ўтган даврнинг ўзидаёқ бошланганлигини кўрсатади, – дейди навоийшунос олим Тоҳир Хўжаев. – Шоир яшаб ўтган даврдан кейин барча замонларда ижодий фаолияти, жаҳон адабиётининг дурдоналарига айланган асарлари адабий жараён, бадиий тафаккур тараққиётида йўлчи юлдуз бўлиб хизмат қилмоқда. Мумтоз адабиётимиз тарихида бирор ижодкор йўқки, Навоийни ўзига устоз деб билмаган, унинг ғазалларига назира боғламаган бўлсин. 

Навоий ижодини ўрганиш, анъаналарини давом эттириш билан бирга унинг бадиий сиймосини яратишга ҳам доим уриниб келинди. Эртаклар, ривоятлар, ҳикоятларда Навоийнинг донишмандлиги, миллатпарварлиги, адолатсеварлиги улуғланди. Улар бугунги кунда кичик ёшдаги болаларга Навоий ижоди, асарларининг бадиий-эстетик аҳамиятини ўргатишда муҳим восита бўлиб хизмат қилмоқда. 

“Авлиёларнинг авлиёси”, “Мутафаккирларнинг мутафаккири”, “Шоирларнинг султони”, дея эътироф этилган улуғ алломанинг ҳаёт йўлини ўрганиш, унинг асарларини таҳлил ва тадқиқ қилиш бугунги кун ёшларини ҳар томонлама баркамол шахс бўлиб камолга етишида муҳим ўрин тутади.

– Орадан салкам олти асрга яқин вақт ўтган бўлсада, буюк бобокалонимиз ижоди биз ёшларни ҳамиша ҳайратга солади, уни ўқиб ўрганишга чорлайверади, – дейди Навоий давлат университети талабаси Дилобар Фармонқулова. – Шоир асарларида тилга олинган ватанга муҳаббат, ота-онага ҳурмат каби инсоний фазилатлар бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Алишер Навоий асарларини мутолаа қилар эканмиз, унда бугунги ҳаётимиздаги ҳар қандай муаммонинг маънавий ечимини кўришимиз мумкин. 

Тадбирнинг асосий қисми Фарҳод маданият саройида давом эттирилди.

Бадиий кечада Алишер Навоий ғазаллари асосида яратилган мумтоз қўшиқлар куйланиб, асарларидан саҳна кўринишлари намойиш этилди.

Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА