Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шоирини ардоқлаган юрт
18:45 / 2019-11-25

Ўтган асрнинг 80-йиллари бошида адабиётга кириб келган шоира Зулфия Мўминова қарийб қирқ йилдирки, ўз виждонини, жамият, инсониятнинг виждонини сўроқлашдан тўхтагани йўқ.


Ўтган асрнинг 80-йиллари бошида адабиётга кириб келган шоира Зулфия Мўминова қарийб қирқ йилдирки, ўз виждонини, жамият, инсониятнинг виждонини сўроқлашдан тўхтагани йўқ. 

Бугун адабиётга, ижод одамларига бўлган юксак эзгу муносабат, хусусан, Зулфия Мўминова ҳаёти ва ижодида ҳам ўзининг муносиб ифодасини топмоқда. Мамлакатимизда кечаётган кейинги йиллардаги янгиланиш, ўзгаришлар шоира адабий фаолиятида ҳам янги ижодий уфқларни очди, десак асло муболаға эмас.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида “Меҳнат шуҳрати” ва “Дўстлик” орденлари соҳибаси, шоира Зулфия Мўминова таваллудининг 60 йиллиги муносабати билан Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказида ва шоиранинг туғилган юрти Нарпай туманида уюштирилган ижодий учрашувлар чинакам шеърият байрамига айланиб кетди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон Қаҳрамони Ҳасан Нормуродов шоирани қутлуғ ёши билан табриклар экан, бу адабий тадбир мамлакатимизда адабиётга бўлган эътиборнинг яна бир гўзал намунаси эканлигини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон халқ шоирлари Усмон Азим, Маҳмуд Тоир, Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмон, таниқли шоирлар Фарида Афрўз, Хосият Бобомуродова, Нодир Жонузоқ ва бошқалар томонидан айтилган сўз ва шеърлар маърифий-адабий тадбирнинг асосий қатнашчилари бўлган ижодкор ёшлар ва талабаларга катта маънавий дарс бўлди, уларда унутилмас катта таассурот қолдирди.

Талаба-ёшлар шоира шеърларидан намуналар ўқишди. Санъаткорларнинг шоира шеърларига басталанган куй ва қўшиқлари адабий даврага ўзгача файз бағишлади.