Ижодкорнинг фаолиятида унинг китоблари ўзига хос сарҳисоб саналади. Таниқли шоира Ойгул Убайдулла қизи ижодига мансуб “Тўкилаётган япрoқлар”, “Пoкланиш фасли”, “Шукур сабoғи” ҳамда “Адашмагин йўлингдан, бoлам” нoмли китoблар тақдимoти ўтказилди.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ташкил этилган мазкур тақдимот анжуманида адабиёт мухлислари, ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар иштирок этди.
Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директорининг ўринбосари Насиба Холдорова, устоз ижодкорлар Шаҳодат Исахонова, Қутлибека Раҳимбоева, Зулфия Мўминова, Гулчеҳра Шаҳобиддин қизи, адабиётшунос олим Адҳамбек Алимбеков бугунги кунда миллий адабиётимизда аёл ижодкорларнинг ҳиссаси самарали ва баракали эканини таъкидлади.
Ўзбек аёлининг самимияти, нафосати, мушфиқ ва муштипарлиги Ойгул Убайдулла қизи ижодида яққол кўзга ташланиб туради.

– Ойгул ҳам ҳислари мавжлангандан кейин шеър ёзар экан, бу унинг ижодга бўлган муносабатини кўрсатиб турибди, – деди адабиётшунос олим, профессор Адҳамбек Алимбеков. – Ўзининг “Шаҳсувор”, “Ёлғизлик гули”, “Адашмагин йўлингдан, болам”, “Тўкилаётган япроқлар” тўпламлари билан танилган шоира шеърлар, қиссалар, достонлардан иборат янги “Покланиш фасли” тўпламини китобхонлар эътиборига ҳавола қилаётир. Бу китоб маълум маънода шоиранинг сарҳисоб жамланмаси бўлиб, ижоди ҳақида умумий бир хулосага келиш имконини беради. Айтиш мумкинки, бу китоб шоиранинг бир томлик сайланмаси. Шоира қайси мавзуда ёзмасин ёзганларини чиройли бадиий санъатлар топиб туйғуларини етказишга интилади.
– Шоира ижодида оналаримизнинг кўнгил кечинмалари, орзу-интилишлари, қалб манзаралари мужассам, – деди таниқли шоира, маънавият тарғиботчиси Гулчеҳра Шаҳобиддин қизи. – Бу шеърият ўзбек аёлининг орзу-умидлари, дардлари, оғриқларидан сўзлайди.
Ойгул Убайдулла қизи 1962 йилнинг 15 декабрь куни Самарқанд вилоятининг Нарпай туманида зиёли оиласида таваллуд топган.
Дастлаб шоиранинг “Шаҳсувор” (1994), “Ёлғизлик гули” (2002) номли китоблари нашрдан чиқади. 2024 йилда “Тўкилаётган япроқлар” номли китоби чоп этилган.
2025 йилда “Адашмагин йўлингдан, болам” номли шеърий китоби “Ижод нашр” нашриётида чоп этилди. Ушбу китобдан “Адашмагин йўлингдан, болам” деб номланган каттагина шеърий достон ўрин олган. Асарда адашиб Сурияга кетиб террористик оқимга қўшилиб қолган йигитнинг ҳолатлари, қарашлари ҳамда адашганини билиб қолгандан кейинги руҳий изтироблари ишончли тарзда ёритилган.
Ота-онаси, жигарлари, қишлоқдошларининг қалб изтироблари ҳамда юрт манзаралари чиройли тарзда қаламга олинган. Шеърларда эса Сурияга бориб қолган аёлларнинг изтироблари ўзларининг сўзлари орқали акс этган. Маълум маънода ушбу “Адашмагин йўлингдан, болам” номли китобни огоҳлик қўнғироғи, деб атасак хато қилмаган бўламиз. Чунки китобда юрт манзаралари гўзал тарзда ифода этилган. Китоб ўқувчида Ватанга бўлган меҳр, муҳаббат ҳамда урушга бўлган нафратни уйғотади, кучайтиради.
2026 йилда “Ижод нашр” томонидан “Покланиш фасли” номли китоби чоп этилди. Ундан “Фарзандларимга”, “Онажонгинам”, “Уруш ҳақида”, “Коронавирус” номли туркумлар ҳамда қатор қиссалари, шеърий достонлар ўрин олган. Китобга адабиётшунос, ТДШУ профессори Адҳамбек Алимбеков сўз боши ёзган.
2026 йилда шоиранинг “Шукур сабоғи” номли шеърий китоби нашрдан чиқди. Шеърлари асосан болалар ва ёшларга мўлжалланган.
Мухлисларнинг талабига кўра, 2026 йилда, яъни шу йили “Тўкилаётган япроқлар” номли шеърий китоби яна қайтадан чоп этилди.
Анжуманда Ойгул Убайдулла қизининг ижоди, унинг янги китоблари хусусида батафсил сўз юритилди.
Н.Усмонова, ЎзА