Андижон шаҳридаги Муҳаммад Юсуф майдонида эл суйган ижодкор, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 68 йиллигига бағишланиб, “Меҳр қолур, муҳаббат қолур...” деб номланган адабий-маданий тадбир бўлиб ўтди. Вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда шоир ва ёзувчилар, адабиёт мухлислари, олий ўқув юртлари, умумтаълим мактаблари ўқитувчи, талаба ва ўқувчилари, кенг жамоатчилик вакиллари, ижодкор ёшлар иштирок этди.
Тадбир аввалида иштирокчилар томонидан Муҳаммад Юсуф бюсти пойига гулчамбарлар қўйилиб, марҳум шоирга юксак эҳтиром кўрсатилди. Муҳаммад Юсуф ўз она халқининг юксак орзу-интилишлари, армонлари, эртанги кунга бўлган бўлган умид ва ишончини ўз овози, ўз сози билан жўшиб куйлаган. Айниқса, унинг ватанпарварлик, миллатсеварлик мавзусидаги шеърлари ҳар бир ўзбекнинг юрагидан мустаҳкам жой олган.
Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов шоир ҳаёти ва ижоди, айниқса, унинг юртни, юксак инсоний фазилатларни улуғловчи бетакрор сатрлари халқимиз қалбидан мустаҳкам жой олганлиги, шоир шеърлари халқимиз, ёшларимиз қалбида ватанпарварлик, юртга фидойилик туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.
[gallery-6815]
Тадбир ҳақиқий адабиёт, шеърият байрамига айланди. З.М.Бобур номли вилоят театри артистлари томонидан шоир шеърлари асосида тайёрланган “Меҳр қолур, муҳаббат қолур” деб номланган саҳна кўринишлари намойиш этилди. Шундан сўнг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раиси Хуршидабону Қўчқорова, адабиётшунос олим Баҳодир Раҳмонов, шоирлар Зиёвиддин Мансур, Фарид Усмон ва бошқалар сўз олиб, Муҳаммад Юсуф ҳаёти ва ижодининг ўзига хос қирралари хусусида гапирди.
– Муҳаммад Юсуфнинг серқирра ва бетакрор ижоди катта тарбиявий аҳамиятга эга, – дейди Андижон давлат университети филология факультети декани Баҳодир Раҳмонов. – Айниқса, шоир шеърлари тилининг соддалиги, оддий халқ ҳаёти, кечинмалари, гўзал ва таъсирли сатрларда баён этилганлиги билан юртдошларимиз қалбига чуқур кириб борган. Бир сўз билан айтганда, Муҳаммад Юсуф ижоди, шеърияти ўзининг халқчиллиги билан ажралиб туради. Шоирнинг содда, самимий ва рост сўз айтиш иқтидори, айтганда ҳам ҳеч кимга ўхшамайдиган, ўқиганда ёдингизга, куйлаганда тилингизга ўрнашиб, дарров қадрдон бўлиб қоладиган мисралари унинг шеърга илоҳий эътиқод қўйиб яшаганидан нишона.
Тадбирда ижодкор ва ҳаваскор ёшлар томонидан шоир шеърларидан намуналар, шунингдек, шоирга атаб ёзилган шеърлар ўқилди, санъаткорлар томонидан куйланган қўшиқлар янгради.
– Муҳаммад Юсуф шеърларини жуда ёқтираман, кўп шеърларини ёд олганман, – дейди тадбир иштирокчиси, ёш ижодкор Комилахон Абдиева. – Бўлиб ўтаётган тадбир нафақат шоир хотирасини ёд олиш, ижодини тарғиб қилиш, балки Ватанни севиш, ардоқлаш маъносида ҳам биз, ёшларга катта маънавий ва руҳий озуқа беради.
Муҳаммад Юсуф хотирасига юксак эҳтиром сифатида таваллудининг 68 йиллигига бағишланган бу каби адабий тадбирлар меҳнат жамоалари, таълим муассасаларида, хусусан, шоир туғилиб ўсган Марҳамат туманидаги Қовунчи маҳалласида бўлиб ўтмоқда.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА