Сайхунобод туманида анъанавий тарзда ўтказилаётган “Тут сайли” тадбири тўртинчи бор ташкил этилди.
Ушбу тадбир Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг Сирдарё вилоят бўлими ташаббуси билан бу гал Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Тўхтамиш Боқиев хонадонида уюштирилди.
Пресс-тур шаклида ташкил этилган “Тут сайли”да журналистлар, ижодкорлар ва маҳаллий фаоллар иштирок этиб, томорқачиликдаги илғор тажрибалар ҳамда тут маҳсулотларини қайта ишлаш жараёнлари билан танишилди.

– 1991 йили ҳовлимизга Балх тутининг кўчатларини ўтқазган эдик. Бугун улар қирқ ёшга етиб, ҳар йили юзлаб килограмм ҳосил беради. Улардан тайёрланган қиём йил бўйи хонадонимиз дастурхонини безаб туради, – дейди шоир Тўхтамиш Боқиев.

Тадбирда журналистлар нафақат тутларнинг хуштаъм меваларидан татиб кўришди , балки тут маҳсулотларининг шифобахш хусусиятлари, уларни қайта ишлаш усуллари ҳамда халқ оғзаки ижоди ва адабиётда тутнинг тутган ўрни ҳақида фикр алмашдилар.

Тадбир давомида иштирокчиларга тут дарахтининг шифобахшлиги, баргларининг ипак қурти учун асосий озуқа экани, ёғочидан эса мусиқа асбоблари ва бешиклар ясалиши, ҳатто қўлда қоғоз ишлаб чиқаришда ҳам фойдаланилгани ҳақида қизиқарли маълумотлар тақдим этилди.

Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳудудий бўлими раиси Бойжигит Абдуллаев, Фахрий журналистлар кенгаши раиси, Гулистон давлат университети профессори Равшанбек Маҳмудов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Холида Пардабоева, ёзувчи Дилором Исмадиёрова ва бошқалар “Тут сайли”нинг ҳар йилги тафсилотларини ўзида акс эттирувчи видеороликлар, стенд ва фотоальбомлар тайёрлаш бўйича ўз таклифларини билдиришди. Бу ғоя пресс-тур иштирокчилари томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди.
Тадбирга алоҳида завқ бағишлаган жиҳатлардан яна бири шоир Тўхтамиш Боқийнинг набиралари Меҳрона, Меҳрангез ва Меҳрафрўзлар томонидан тожик, ўзбек, рус ва инглиз тилларида шеърлар ёддан ифодали ўқилгани бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири