French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шоир Сардор Суюн Сурхондарёдан Тошкентга велосипедда келди
15:02 / 2025-12-16

-

Ҳаёт сўқмоғида сенга дуч келиб,

    Дил ёққан оташга ошна бўлганман.

           Сўнг тақдир бизларни йироқлар қилиб,

         Ширин сўзларингга ташна бўлганман.

Ёш шоир Сардор Суюн романтикага қизиқади, гўзалликни севади. Шу боисдан табиат гўзалликларидан баҳра олишни дилига тугиб қўйди.

У Қизириқ туманидаги “Тоза ҳудуд” ташкилотида ишлар эди. Ватанимизнинг олис гўшаларига саёҳат қилишни орзу қилди. Шоир ёшлигидан юртимизнинг гўзал қишлоқларини кезар эди. Одамларнинг фаровон ҳаёти,  севги-муҳаббат хусусида шеърлар битишни хуш кўрарди.

Биласан, мен сени жуда севаман,

Жуда қизғанаман соямдан ҳатто.

Ўзгага жилмайсанг, ўтда ёнаман,

Бу ўрганиш эмас, бу эмас хато.

У жонажон Ўзбекистоннинг хушманзара жойларини, бетакрор табиатини ўз кўзи билан кўришни, томоша қилишни хоҳлади. Қадимий юртимизнинг бошқа вилоятларидаги ажойиб инсонлар билан суҳбат қуришни истаб қолди. Шу боисдан енгил машинада эмас, Ватанимиз байроғини елкасида кўтарган ҳолда ўзининг қадрдон велосипедида Тошкентга жўнади.

У бир ҳафтадан зиёд вақт мобайнида йўл юриб, юртимизда яхши инсонлар кўплигига амин бўлди. Ватанимиз сўнгги йилларда гуллаб-яшнаётганини, бундан атиги ўн йиллар аввалгидан кўра ҳатто олис туманларда ҳам осмонўпар бинолар, шинам уй-жойлар қад ростлаётганини кўриб, жуда қувонди.

– Велосипедда юриш мазза экан, – дейди у. – Тошкентга келгунча табиат гўзалликларидан баҳра олдим. Қашқадарё, Самарқанд, Жиззах, Сирдарёда яхши инсонлар, айрим ижодкорлар билан дилдан гурунг қилдим.

У пойтахтга келганида шаҳар ҳавоси янада тоза бўлиши учун бошқалар ҳам велосипеддан фойдаланиши лозимлигини янада яхшироқ ҳис этди.

–Япония ёки Хитойдаги одамлар каби тошкентликларнинг ҳам шу арзон уловда юришини истаб, тарғиб қилаяпман, – дейди ёш шоир Сардор Суюн.

У билан суҳбатлашганимда пойтахтга келиб, бир нечта шеърлар ёзганини айтди ва асарларидан айримларини ҳаяжон билан ўқишга киришди.

Биласан, мен сени жуда севаман,

Лекин айтолмайман кўзингга боқиб.

Бир кун айтгум дея дилга туяман,

Бу севги ҳижронда кетмасдан ёқиб.

Гурунг сўнгида юртимизни саёҳат қилишни севадиган романтик шоирга омад тиладим.

Жовли Хушбоқов, ЎзА мухбири