Миллий матбуот марказида таниқли шоир Насрулло Эргашнинг “Қанот” адабий лойиҳаси доирасида чоп этилган “Эрк туркулари” деб номланган китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Замонавий миллий шеъриятимизда Насрулло Эргаш ўзининг оташин сўзи, дадил овози, самимияти, ҳурлик, озодлик руҳига йўғрилган шеърияти билан ажралиб туради.
Адабий тадбирда таъкидланганидек, эрк – уйғоқ руҳ эҳтиёжи. Фақат бедор ва тирик қалбгина эркка эҳтиёж сезади.
Шоир Насрулло Эргашнинг юрагида етилиб келган ана шу кайфият устуворлиги эътиборга молик. Бу руҳият “Эрк туркулари” номи билан янги китоб тарзида янги Ўзбекистон туфайли юзага чиқди.
Ушбу китобнинг нашр этилишида таниқли журналист ва маърифатпарвар ҳамюртимиз Лазиз Раҳматов ҳамда тиниб-тинчимас ношир Аҳмад Тўранинг xизматлари беқиёс.
[gallery-26473]
Мазкур китоб “Қанот” адабий лойиҳаси доирасида “Ijod-nashr” нашриётида чоп этилди.
Тадқимот тадбирида Насрулло Эргаш ижоди ва унинг янги китоби хусусида батафсил сўз юритилди.
Н.Усмонова,
Алимурод Мамадаминов (сурат), ЎзА