Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шоҳжаҳон Эргашев: Орзуим – ўз Ватанимда жанг ўтказиб, ғалаба қозониш
16:30 / 2021-05-31

Профессионал бокснинг супер енгил вазн (63,5 кг) тоифасида ўз жангларини ўтказиб келаётган ҳамюртимиз Шоҳжаҳон Эргашев 11 июнь куни Тошкентда жанг қилади. Унда енгилмас боксчимиз танзаниялик Салиму Женгога қарши рингга кўтарилади.

Мазкур жанг Евро-Осиё бокс парламент (EBP) камари учун бўлиб ўтади. Шоҳжаҳон Эргашев ушбу жангга кўрилаётган тайёргарлик, мусобақадан кўзланган мақсад ва рақиб боксчи ҳақида ЎзА мухбирининг саволларига жавоб қайтарди.

– Ассалому алайкум! Шоҳжаҳон, айтингчи, нега профессионал боксдаги 20-учрашувингизни Тошкентда ўтказишга қарор қилдингиз?

– Ассалому алайкум! Ҳар бир спортчи учун ўз юртида бир маротаба бўлса-да, Ватани шарафини ҳимоя қилиш орзуси бўлади. Ва бугун мамлакатимизда ҳар қандай спорт тури бўйича юқори савиядаги мусобақаларни ташкил этиш учун имкониятлар мавжуд. Яна шуни таъкидлаб ўтишим лозимки, бугун ёшларимиз орасида спортнинг бокс тури кенг оммалашган ва уларнинг бу қизиқиши кун сайин ортиб бормоқда.

– 11 июнь куни “Юнусобод” спорт мажмуасида бўлиб ўтадиган профессионал бокс оқшомини қайси промоутерлик компанияси ўтказмоқда?

– Ушбу бокс оқшоми ўзим асос солган "Shohjahon Promotions" промоутерлик компанияси томонидан ўтказилмоқда. Бироқ мамлакатимизда ҳар қандай спорт тадбирларини янада юқори савияда ўтказиш мақсадида Ўзбекистон Туризм ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Профессионал бокс федерацияси ва бир қатор ҳамкор ташкилотлар катта ёрдам бермоқда.

– Ушбу жангга қандай тайёрланмоқдасиз ҳамда рақибингиз ҳақидаги фикрларингизни билдириб ўтсангиз.

– Ҳозир Россияда машғулотларимни давом эттирмоқдаман. Насиб қилса, жанг олдидан Тошкентга қайтаман ва яна сўнгги машғулотларни ўтказаман. Рақибим ҳам жуда кучли боксчи. У 16 маротаба профессионал рингга кўтарилиб, уларнинг учтасида мағлубиятга учраган. Сўнгги бор ноябрь ойида жанг ўтказган. Ҳозир унинг қандай жанг ўтказиши, услуби, кучли ва кучсиз томонларини кўриб чиқиб, унга ўзига хос тарзда тайёргарлик олиб бормоқдаман.

– Жанг ҳақида нима дея оласиз?

– Рақибим кучли. Жанг натижаларини вақт кўрсатади. Бироқ ўз юртимда, мени доимо дуо қилиб тургувчи халқимиз олдида чиройли жанг ўтказиб, рақибимни нокаутга учратишни мақсад қилганман.

– Бўлғуси жангингизда сизга омад ёр бўлсин!

– Раҳмат!  

Эслатиб ўтамиз: Шоҳжаҳон Эргашев профессионал боксда жами 19 та жанг ўтказган ва уларнинг барчасида ғалаба қозонган. Рақибларини 17 марта нокаутга учратган. У сўнгги жангини беларуслик Дмитрий Милиушага қарши ўтказиб, муддатидан аввал техник нокаут эвазига ғалаба қозонган.

 

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА