8 март – Халқаро хотин-қизлар куни
Муҳаббат Кондакова 37 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти тизимида самарали меҳнат қилиб келмоқда. У 1997 йилда “Соғлом авлод учун” II даражали, 2023 йилда эса I даражали орденлари билан тақдирланган.
Ўқ отиш, пара ўқ отиш ва ёзги биатлон бўйича халқаро миқёсдаги спорт устаси ва тажрибали бош мураббий сифатида унинг шогирдлари республика ва халқаро мусобақаларда мунтазам муваффақиятларга эришмоқда. Жумладан, 13 нафар шогирд республика ва халқаро мусобақалар ғолиблари ҳисобланади.
Пара ўқ отишда Сарвиноз Ҳамидуллаева, Дилдора Нуралиева ва Муҳаммаджон Исматуллаев нуфузли турнирлар ғолиблари бўлди. 2025 йилда Чимкент шаҳрида бўлиб ўтган “Олтин мерган” гран-при мусобақасида Азимжон Қудбиддинов ва Ойдина 1- ва 2-ўринларни эгаллаб, олтин ва кумуш медаллар ҳамда спорт устаси унвонларига сазовор бўлди.
Жорий йилда Ҳиндистоннинг Нью-Деҳли шаҳрида бўлиб ўтган Осиё чемпионатида Муҳаббат Кондакованинг шогирдлари — Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Муҳаммад Камолов ва Содиқжон Абдуллаев икки тур бўйича 2 та олтин ва 1 та кумуш медаль билан қайтди.
[gallery-28031]
Муҳаббат Кондакова ёшларни соғлом турмуш тарзига жалб қилиш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва юқори малакали спортчилар этиб етиштиришга катта ҳисса қўшмоқда.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА