Давлатимиз раҳбари топшириғига асосан тузилган Республика ишчи гуруҳи ўз фаолиятини Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида давом эттирмоқда.
Ўн саккизта вазирлик ва идора, вилоят, туман секторлари, соҳавий ташкилот раҳбарлари ва вакиллари иштирокида ишчи гуруҳлар, тезкор штаблар тузилиб, ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий ҳолат ўрганилмоқда.
«Маҳаллабай» юриб, уйма-уй аҳоли муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш бўйича ишларни самарали ташкил этиш мақсадида масъуллар иштирокида ўқув-семинарлари ўтказилди.
Бугунга қадар туманда 50 та маҳаллада 35 150 та хонадон, 638 та ижтимоий соҳа ва бошқа объектлар тўлиқ хатловдан ўтказилган.
Жойларда аниқланган муаммоларни ҳал этиш мақсадида қатор амалий ишлар бажарилди.
Хусусан, Шофиркон аҳолисига 695,4 тонна қўшимча суюлтирилган газ етказилди. Электр таъминотини яхшилаш мақсадида 89 та темир бетон таянчлар, 15 дона янги трансформатор ўрнатилди, 4 та трансформатор таъмирланди. Ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида 14 та маҳаллада ишлар бошланган бўлиб, ҳозирга қадар 24 км. тармоқ тортиш ишлари якунланди. Жами 49,8 км. йўл таъмирланди.
«Ҳар бир оила тадбиркор» дастури доирасида 481 нафар фуқарога 13,0 млрд. сўм имтиёзли кредит ажратилди. 640 нафар фуқарога 1,7 млрд. сўм субсидия ажратилди.
425 нафар фуқаронинг бандлигига кўмаклашилди. Шундан 295 нафари доимий иш билан таъминланди, 32 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди, 68 нафар фуқаро касб-ҳунарга ўқитилди, 30 нафарига ишсизлик нафақаси тайинланди.
«Аёллар дафтари»га киритилган 395 нафар аёлга турли ёрдамлар кўрсатилди. Жумладан, 35 нафар хотин-қизга тикув машиналари, 20 нафарига инкубатор, 51 нафар аёлга мини-печлар берилди, 18 нафар аёлларга уй-жой таъмири учун кўмак берилди.
«Ёшлар дафтари»га киритилган 84 нафар ёшларга турли ёрдамлар кўрсатилди. Жумладан, 57 нафар ёшларга контракт тўловлари тўлаб берилди, 15 нафарига тикув машинаси берилди, 6 нафар фуқарога даволаниш харажатлари қоплаб берилди.
Ишлар давом эттирилмоқда.
Абдулазиз Рустамов, ЎзА