Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, вилоятнинг 3-сектори раҳбари, полковник Шуҳрат Алиевнинг навбатдаги сайёр қабули Шофиркон туманининг тадбиркорлари билан бўлиб ўтди.
Унда туман ҳокими Шукурулла Ҳакимов ва ҳоким ўринбосарлари, тижорат банклари раҳбарлари ҳамда корхона-ташкилотлар мутасаддилари қатнашди.
Сайёр қабулда тадбиркорлар ўз фаолиятларида дуч келаётган муаммоларнинг ечимига доир таклифлар билан мурожаат қилди.
– Автомобилларга техник хизмат кўрсатиш жиҳозлари сотиб олиш учун кредит ажратилишида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилдим, – дейди “Мирзоқул” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, якка тартибдаги тадбиркор Муроджон Тўйев.
– Менинг мурожаатим қаноатлантирилди. 3 та доимий иш ўрни яратиш шарти билан 200 миллион сўм кредит ажратилишида амалий ёрдам берилди.

– Чорвачиликни ривожлантиришни мақсад қилиб, “Агробанк”нинг туман бўлимидан 2 миллиард сўмлик имтиёзли ва узоқ муддатли кредит сўрагандим, – дейди тадбиркор Назар Саъдуллаев.
– Тижорат банки раҳбарига 10 мартгача бўлган муддатда ушбу муаммони ижобий ҳал қилиш бўйича топшириқ берилди. Бундан мамнунман.
Қабулда тумандаги энг катта ишлаб чиқариш ва экспортчи корхоналардан бири бўлган “Golden Fabric Textile” МЧЖ раҳбари Улуғбек Султонов ишлаб чиқариш фаолиятини янада кенгайтириш, 80 нафар хотин-қизга иш ўринларини яратиш учун 5 миллиард сўмлик кредит сўради. Ушбу кредит маблағлари “Микрокредитбанк”нинг туман филиали орқали молиялаштирилиши белгиланди.
– Мен ҳудудимиздаги ҳозирда бўш турган “Жўйрабод” МФЙ биносини “ноль” қийматида харид қилиб олмоқчиман, – дейди тадбиркор Дилафрўз Жўраева.
– Бу масалада мурожаат қилдим. Мурожаатим инобатга олинди. Менга амалий ёрдам бериш учун ҳоким ўринбосарлари – туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Акмал Қазоқов ва туман Инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи Аҳмад Исоевга топшириқ берилди. Бу эътибор ишимни ривожлантиришимга ёрдам беради. Қабулда мурожаатим ижобий ечим топганидан хурсандман. Тадбиркорликни йўлга қўйиб ишсизларнинг бандлигини таъминлаш чораларини кўраман.
Зариф Комилов, ЎзА