Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шофирконлик пиллакорлар “кумуш тола” топширишни бошлади
17:04 / 2024-05-20

Сара ва сифатли “кумуш тола” етиштиришда ўзига хос тажрибага эга Бухоро вилояти Шофиркон туманида ҳам жорий йилда 3898 қути ипак қурти жонлантирилади.

Айни баҳорги мавсумда 251 тонна “кумуш тола” хирмонини яратиш саъй-ҳаракати бормоқда. Бунинг учун ҳудудда узоқ йиллардан бери юқори ҳосилдорликка эришиб келаётган ва сифатли пилла етиштиришда катта тажрибага эга 1732 та касаначи ва оилавий звено билан тўғридан-тўғри шартномалар тузилган.  

Соҳада юқори натижага эришиш мақсадида ипак қурти боқувчи оилавий звенолар ва касаначиларга зарур шарт-шароит яратилди. Мавсум олдидан рағбатлантириб борилаётгани улар моддий манфаатдорлигини оширмоқда. Шунингдек, пилла етиштиришда зарур озуқа базаси ўрганилди. Мавсум олдидан 562 та касаначи хўжаликка ҳудуддаги қарийб 400 гектарли тутзор тақсимлаб берилган.  

Шофирконлик пиллакорларнинг бир ойлик фидокорона меҳнатлари маҳсули сифатида Саврак маҳалласидаги “Шофиркон пилла қабул қилиш маскани”да дастлабки “кумуш тола” ҳосили тарозига тушди.  

Шу муносабат билан Бухоро вилояти ҳокимлиги аппарати котибият мудири Насриддин Маҳмудов, туман ҳокими Алишер Файзуллаев, маъмурий сектор раҳбарлари, пиллани қабул қилувчи буюртмачи корхона – “Ғиждувон ипак тола” МЧЖ масъуллари қабул масканида пиллакорлар билан мулоқотда бўлди. Жорий мавсумда пиллакорларга ҳар килограмм пилла учун 40 минг сўмдан, режадан орттирилган ҳар килограмм ҳосил учун қўшимча 50 минг сўмдан мукофот пули берилаётгани оилавий звенолар моддий манфаатдорлигини оширмоқда. 

Биргина Саврак ҳудудидаги пиллани қабул қилиш пунктида агроном Ихтиёр Остонов бошчилигидаги касаначилар жамоаси жорий мавсумда 15 қути ипак қурти парваришлаб, якунда “Ғиждувон ипак тола” МЧЖ буюртмасига кўра “кумуш тола” хирмонини 900 килограммдан ошириш мақсадида тер тўкмоқда.  

Шу кунларда “ғалвирни сувдан кўтариш” палласида пилла ўраш жараёнини агротехник талаблар асосида ташкиллаштирган жамоа меҳнати билан ҳосил салмоғини 1 тоннага етказишга яқин турибди. 

Умуман, туманда жорий мавсумда мўл пилла ҳосили етиштирилгани эътироф этилмоқда. Кун сайин пиллакорлар билан гавжумлашаётган қабул масканида эса масъуллар, ишчи гуруҳи томонидан миришкор пиллакорларга тарози бошида мўлжалдагидан ошириб топширилган ҳар килограмм “кумуш тола” учун мукофот пули ва эсдалик совғалари топширилмоқда.  

Зариф Комилов, ЎзА мухбири