Шофирконлик пиллакорлар зафар қучди. Пиллачиликда ўзига хос мактаб яратган Шофиркон тумани миришкорлари жорий йил баҳор мавсумида 218 тоннадан орттириб саноат учун қимматбаҳо хом ашёси — сара пилла етиштирди. Республикадаги илғор ва етакчи туманлар қаторида биринчилардан бўлиб давлат шартнома режасини ошиғи билан уддалади.
— Мавсум олдидан туманда ўн тўртта ҳудуддаги инкубаторияда жонлантирилган 2 минг 965 қути ипак қурти пилла парваришига хайрихоҳлик билдирган жами 1 минг 744 та оилавий звено ва касаначиларга тарқатилган бўлса, “кумуш тола” парваришида ҳудудларга ҳар 250 қути уруғ парвариши учун малакали агроном бириктирилгани ўз самарасини берди, – дейди “Gijduvon Ipak tola” МЧЖнинг Шофиркон туманидаги вакили Иброҳим Ашуров. — Фақат шу эмас, пиллакорлар учун аввало озуқа таъминоти базасини мустаҳкамлашга эътибор қаратилгани ҳолда мавсум олдидан ҳудуддаги 350 гектардан ошиқ тутзор пиллакор хўжаликларга тақсимлаб берилди.

Дастлабки мавсумда 218 тоннадан ошириб ҳосил етиштиришга замин яратилди. Ипак қурти қабул қилишда касаначи оилаларга ҳар бир қути ипак қурти учун 500 минг сўмдан рағбат пули берилгани, пиллани қабул масканига топширишда режадан орттирилган ҳар килограмм пилла учун қўшимча 40 минг сўмдан мукофот пули берилаётгани пиллакорларга куч-қувват бағишламоқда.
Бу жараёнда айниқса, Денов, Мазлахон-Чандир, Боғиафзал, Дўрман, Тезгузар ҳудудларидаги оилавий звено ва касаначилар хўжаликлари алоҳида жонбозлик кўрсатмоқда.

Умуман, жорий йил икки даврини ўз ичига олган пилла мавсуми бир неча босқичида вилоят пиллакорлари томонидан яратилиши мақсад қилинган “кумуш тола” хирмони 2 минг 788 тоннага тенг бўлиб, бу миқдор 2022 йилда барпо қилинган хирмондан 256 тоннага кўпроқ. Пиллакорликнинг иккинчи мавсуми, яъни ёз ва куз ойларига бориб барча туманлар ва улардаги фермер хўжаликлари ва касаначи хўжаликлари томонидан яна 9 минг 293 қути ипак қурти парваришланади ва давлат хирмонига қўшимча 558 тоннадан ошириб “кумуш тола” сотиш бўйича пухта тайёргарлик олиб борилмоқда.
Йилнинг дастлабки меҳнат муваффақиятини қўлга киритган шофирконлик пиллакорларга келсак, зиммаларига юклатилган вазифани республикада биринчилар қаторида ёруғ юз билан уддалаган туман пиллакорлари шаънига бугун ҳар қанча таҳсин айтилса, оз, албатта.

Зариф Комилов, ЎзА