Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шофирконда “Яшил макон” доирасида кўкаламзорлаштириш ишлари жадаллашди
11:29 / 2025-12-04

Мамлакатда экологик барқарорликни таъминлаш ва яшил майдонларни кенгайтириш мақсадида амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Шофиркон туманида кенг кўламли кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Жорий мавсумда туманда экилиши режалаштирилган 1 миллион 100 минг дона кўчатнинг 80 фоизи аллақачон ўтқазилди.

Шофиркон туманида кўчат экиш ишлари барча йўналишларда босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Фермер хўжаликларига 165 минг, боғ ва токзорлар барпо этиш учун 54 минг дона кўчат ажратилди. Маҳаллаларда 150 минг ниҳол экилиши белгиланган бўлса, Ободонлаштириш бошқармаси тасарруфидаги ҳудудларга 47 мингдан ортиқ кўчат ўтқазилмоқда. Ўрмон фонди ерлари учун эса 274 минг дона кўчат ажратилган.

Шунингдек, автомобиль йўллари бўйлари бўйлаб 17 минг, канал ва ариқлар атрофини кўкаламзорлаштириш мақсадида қарийб 20 минг дона кўчат экиш режалаштирилган. Мактаблар, боғчалар, соғлиқни сақлаш муассасалари ҳамда техникумлар ҳудудларида жами 22 мингга яқин кўчат ўтқазилиши белгиланган. Тижорат банклари ва чиқинди полигонлари ҳудудларига эса яна 16 минг ниҳол ажратилган. Туманда янги тутзорлар барпо этиш бўйича ҳам 94 минг дона кўчат экиш ишлари давом этмоқда.

“Яшил макон” доирасидаги навбатдаги амалий тадбир Шофиркон туманининг Мингчинор ҳудудида ташкил этилди. Давлат ўрмон хўжалиги агентлигининг туман бўлими тасарруфидаги 20 гектар майдонда 17 минг дона кўчат экилиши режалаштирилган бўлиб, тадбир давомида 3,5 гектар майдон тозаланиб, 2 минг дона ниҳол ўтқазилди.

Тадбирда Шофиркон туман ҳокими Алишер Файзиллоев бошчилигида туман прокуратураси, ички ишлар бўлими, солиқ инспекцияси, тижорат банклари, корхоналар раҳбарлари, ўрмон хўжалиги ходимлари ҳамда 200 нафарга яқин фуқаролар иштирок этди. Ишларни сифатли ташкил этиш учун 10 га яқин махсус техника жалб қилинди.

Туман ҳокими ўз нутқида ҳар бир экилган кўчатнинг келажак авлод учун тоза ҳаво, соғлом муҳит ва экологик барқарорликни таъминлашдаги аҳамиятига алоҳида тўхталиб, аҳолининг фаоллигини юксак баҳолади.

Шофиркон туманида амалга оширилаётган кўкаламзорлаштириш ишлари “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг ҳудудларда изчил давом эттирилаётганидан далолат беради. Бугун экилган ҳар бир ниҳол келгусида туманнинг экологик муҳитини яхшилаш ва аҳолининг ҳаёт сифатини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.

ЎзА