Бухоро вилояти Шофиркон туманида замонавий андозадаги тиббиёт бирлашмасининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Очилиш тадбирида республика соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддилари, туман ҳокими Алишер Файзиллоев ва бошқа масъуллар, тиббиёт бирлашмаси ходимлари, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Янги тиббиёт бирлашмаси биноси беш қаватдан иборат бўлиб, 270 ўринга мўлжалланган. Бинода замонавий лабораториялар, тиббий диагностика хоналари, реанимация ва жарроҳлик бўлимлари, беморлар учун шинам палаталар, шифокорлар учун барча зарур жиҳозлар билан таъминланган иш хоналар мавжуд.
Қиймати 47 миллиард 335 миллион сўмлик лойиҳа доирасида барпо қилинган иншоот ертўласида ёрдамчи бўлимлар, биринчи қаватда қабул ва диагностика бўлимлари, рақамли рентген, МРТ, МСКТ текширувлари жойлаштирилган. Иккинчи қаватда 17 ўринли анестезиология-реанимация, 10 ўринли шошилинч жарроҳлик, 15 ўринли режали жарроҳлик, 15 ўринли отолорингология бўлимлари ташкил этилган.

Тантанали тадбирда соғлиқни сақлаш вазири ва бошқа мутасаддилар янги бинода яратилган шарт-шароит билан яқиндан танишди. Улар тиббий ускуналарнинг сифати, хизмат кўрсатиш тизими, ходимлар учун яратилган қулайликлар бўйича мутахассислар билан суҳбатлашди.

Тадбирда тиббиёт бирлашмасининг барпо этилишида муносиб ҳисса қўшган қурувчилар, муҳандис ва лойиҳа раҳбарларига миннатдорлик билдирилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.