Бухоро вилояти Шофиркон туманида жиноятчиликни жиловлаш, маҳаллаларда хавфсиз ва барқарор муҳитни шакллантириш, аҳоли тинчлигини таъминлаш ҳамда профилактика инспекторлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш масалаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Икромжон Турсунов ҳамда туман ҳокими иштирок этиб, соҳа вакиллари, профилактика инспекторлари, масъул раҳбарлар билан юзма-юз, мулоқот қилди.
Йиғилишда тумандаги криминоген вазияти мураккаб бўлган, “қизил” ва “сариқ” тоифага киритилган маҳаллаларни босқичма-босқич жиноятдан ҳоли, хавфсиз ва барқарор “яшил” ҳудудларга айлантириш чора-тадбирлари муҳокама қўйилди.

Раҳбарият ҳар бир профилактика инспекторининг хизмат ҳудудидаги фаолиятини чуқур таҳлил қилиб, ҳар бир маҳалла кесимидаги ҳолатга алоҳида-алоҳида тўхталди. Жиноятчиликнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш, хавфли ижтимоий ҳолатларни профилактика қилиш ишларида сусткашликка йўл қўяётган айрим ходимлар фаолияти танқид қилинди.
Учрашувда “маҳаллабай” ишлаш тизими доирасида профилактика инспекторлари дуч келаётган муаммолар, хизмат фаолиятидаги ташкилий ва техник тўсиқлар, иш самарадорлигига салбий таъсир кўрсатаётган омиллар, шунингдек, соҳани янада ривожлантиришга қаратилган таклиф ва ташаббуслар батафсил тингланди.
Тадбирда туман ҳокими ҳам сўзга чиқиб, жиноятчиликка қарши курашиш, маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш йўлида фидокорона хизмат қилаётган профилактика инспекторларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилган муҳим ташаббусни эълон қилди.

Унга кўра, чорак ва йил якунлари бўйича юқори натижаларга эришган, ўз хизмат ҳудудида жиноятчиликни кескин камайтириб, маҳалласини тўлиқ “яшил” тоифага олиб чиққан профилактика инспекторлари рўзғор учун зарур бўлган қимматбаҳо маиший техникалар билан рағбатлантирилади. Шунингдек, йил якунида энг яхши кўрсаткичларга эришган фаол, ташаббускор ва намунавий хизмат кўрсатган ходимлар оила аъзолари билан бирга чет элга саёҳатга юборилиши маълум қилинди.
Ушбу рағбатлантириш тизими профилактика инспекторлари учун катта ишонч, маънавий қўллаб-қувватлаш ва хизмат фаолиятига қўшимча рағбат манбаи бўлди. Бу эса уларнинг масъулиятини янада ошириш, ишга бўлган муносабатини тубдан ўзгартириш, ҳар бир маҳаллага шахсий масъулият билан ёндашишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Учрашув якунида профилактика инспекторлари билдирилган ишончни оқлашга, туманни жиноятдан холи, тинч, осойишта ва хавфсиз ҳудудга айлантириш йўлида бор билим, тажрибаларини сафарбар этишга сўз берди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.