Маълумки, ҳар бир миллатнинг маънавий бойлиги унинг халқ оғзаки ижоди билан ўлчанади. Олис тарихдан то бугунга қадар етиб келган мақоллар, эртак ва топишмоқлар, достонлар шулар жумласидан.
Албатта, бу бетакрор хазиналар йиллар чиғириғидан ўтиб, аждодларнинг орзу-армонлари, иқрорлари ва серҳикмат хулосалари жамланган улкан меросга айланган. Бунда достончилик мактаби алоҳида ўрин тутади. Юртимизда Булунғур, Хоразм, Қашқадарё ва Сурхондарё достончилик мактаблари шаклланган. Уларнинг ўзига хос хусусиятлари бир-биридан ажратиб туради. Масалан, Хоразм достончилик мактаби вакиллари бошқалардан фарқли ўлароқ, термаларни тор ва доира жўрлигида ижро этишади.

Биз Сурхондарё достончилик мактабининг йирик вакилларидан бири Ўзбекистон халқ бахшиси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Шодмон Хўжамбердиевни суҳбатга чорладик.
—Бахшичилик соҳасига қўйган илк қадамингиз қандай бўлган?
—Мен 1967 йил 6 февралда Сурхондарё вилояти Шеробод тумани Оқкўприк қишлоғида туғилганман. Бахшичилик менга авлоддан-авлодга ўтиб келган. Тўртинчи вакилман. Илк устозим – амаким Эргаш бахши бўлган. Олти-етти ёшимдан бошлаб термалар айта бошлаганман. Илк куйлаган достонларим “Алпомиш”, “Сулувхон”, “Нуралининг ютилиши”, каби достонлардан парчалар бўлган. Кейинчалик қашқадарёлик Қодир бахши Раҳимов қўлида ўн йил бахшичилик сирларини ўрганганман.
—Достонларнинг халқ орасида оммалашувига қандай қарайсиз?
—Ҳар биримиз болалигимиздан эртаклар тинглаб катта бўламиз. Лекин биз эртак деб ўйлаганимизнинг кўпи аслида достонлардан парча бўлади. Биз бахшилар эса уларни янада образлироқ қилиб, шеърий тарзда куйлаймиз. Гарчанд бугун ҳар ким ҳам бахши тинглаб, сўзларни ҳазм қилолмаса-да, бироқ ҳануз бахши шинавандалари йўқ эмас. Қолаверса, айни вақтда бахшичилик санъатини сақлаб қолиш ва ривожлантиришга юртбошимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилиб, улкан ташаббуслар илгари сурилаётгани ҳам бизни қувонтиради.

Хусусан, Республика бахшичилик мактаб-интернати ташкил қилингани фикримизнинг исботи. Бугунги кунда ўзим ҳам ушбу даргоҳда ёшларга бахшичилик сирларидан таълим бериб келмоқдаман. Муассасамизда 150 нафарга яқин ўқувчи таълим олади. Шогирдларимиз Республика танловларида фахрли ўринларни қўлга киритиб, бизни хурсанд қилиб келишмоқда. Шунингдек, 2019 йилдан бери ҳар икки йилда Халқаро бахшичилик фестивали ўтказиб келинаётгани дунё миқёсида ушбу санъатга қизиқиш ортиб боришига сабаб бўлмоқда.
— Бошқа соҳаларга қараганда бахшичилик санъатида устоз-шогирдлик анъанаси ҳавас қиларли. Бу ҳақда фикрингиз?
—Мен аввало ҳар бир шогирд устозини рози қилиб, унинг дуосини олиши керак, деб ҳисоблайман. Камина ҳам барча устоз бахшиларнинг дуосини олишга интилганман. Чунки устозидан дуо олган шогирд албатта кўкаради. Биз бахшиларнинг фаолиятимиз ҳам мураккаб, ҳам ўта масъулиятли. Шунинг учун мен доим устозларимнинг ўгитларига таянаман.
—Бахшиларнинг катта-катта туркум достонларни ёдда сақлаб қолишлари сири нимада?
—Ҳамма бизнинг узундан-узун достонларни қандай ёд олишимизга қизиқади. Бахшиларнинг ажралиб турадиган жиҳати айнан фавқулодда кучли хотирасида. Бу эса авлоддан-авлодга ўтадиган ҳодиса. Қолаверса, бизга дўмбира оҳангларининг ўзи бевосита достонни ёдимизга солади.
Ижро мобайнида аудитория билан албатта ҳисоблашамиз. Фақат сўзга ёки овозга урғу бериб юборишга ҳаққимиз йўқ. Қаерда пауза қилиш, қаерда овозга урғу бериш, қачон достондан қандай парча келтириш кераклигини айнан тингловчиларнинг ҳолати, кайфиятига қараб ижро қиламиз.
—Бугунги техника асрида достонларни асраб қолиш ва тарғиб этишни бахшилар қай даражада уддалаяпти, деб ўйлайсиз?
—Халқ оғзаки ижодининг улкан хазинасини асраб қолиш, уни келажак авлод онгига сингдириш нафақат бахшиларнинг, фольклоршунос олимларнинг, балки ҳар биримизнинг бурчимиз бўлмоғи лозим. Зеро, халқ даҳо. Шунинг учун ҳам бу халқдан даҳолар етишиб чиққан. Даҳолар етиштирмоқ учун эса бизнинг этник таркибимиз ҳисобланмиш фольклоримиз чашмасини қуритиб қўймаслигимиз лозим.
Шусиз ҳам бугунги кунда маънавиятимизга заҳар сочувчи омиллар талайгина. Ана шундай заҳарлардан асраш учун аввало юксак маънавият пойдевори ҳисобланмиш халқ оғзаки ижоди билан ҳамнафас яшамоғимиз лозим. Мадомики тафаккуримиз илдизи фольклордан сув ичиб яшар экан, бизни юксак марралар кутиб турибди, десак хато қилмаган бўламиз. Зотан, дарахтнинг илдизи қанча чуқур бўлса, у шунча яхши кўкаради.
Шербек Исломов, ЎзА