Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Шодлик” МФЙда ишсиз фуқаролар касб-ҳунарга ўқитилиб, бандлиги таъминланмоқда
18:15 / 2021-05-23

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида жойлашган “Шодлик” МФЙда аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, иқтисодий ва маиший муаммоларини аниқлаб, ечим топиш, ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиб, бандлигини таъминлаш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан самарали ишлар олиб борилмоқда.

“Шодлик” МФЙда йил бошида маҳаллада истиқомат қилувчи аҳолининг 103 нафари “Темир дафтари”га, 49 нафари “Ёшлар дафтари” га, 34 нафар аёл эса “Аёллар дафтари”га киритилган бўлиб, улардан 62 нафари ишсиз фуқаролардир.

Вазирлик томонидан туман аҳолисига қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида бир қатор амалий ишлар олиб борилди. Хусусан, “Шодлик” маҳалласида истиқомат қилувчи Р.Норқобилова тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун “ROZIYA TEKS GROUP” ишлаб чиқариш кооперативи ташкил этилиб, 53 миллион сўм миқдорида субсидия ажратилди. Натижада ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи 22 нафар ишсиз аёл ишга жойлаштирилди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Ҳусановнинг ўзи бу кооперативга ташриф буюриб, ишчиларнинг меҳнат шароити, иш жараёни билан танишиб, ишчилар билан суҳбатлашди.

Бундан ташқари, вазирликнинг кўмагида Шодлик маҳалласидаги Ибн Сино 2-мавзеси 7-8-уйлар оралиғида жойлашган таъмирталаб маҳалла тўйхонаси капитал таъмирланиб, атрофи ободонлаштирилди ва ёнидаги болалар майдончаси таъмирланди.

Шунингдек, маҳалла ҳудудида ўқув маскани ташкил этилиб, маиший техникаларни таъмирлаш ва қандолатчилик йўналишлари бўйича 15 нафар ишсиз фуқаро ўқишга жалб этилди. Ўқув масканида таҳсил олиш муддати 3 ой бўлиб, ўқувчиларга вазирлик томонидан ойига 560 минг сўмдан стипендия ҳам тўланади.

– Мен ёшлигимдан техника буюмларига, уларни таъмирлашга жуда қизиқаман. Маҳалламиз ҳудудида очилган бу ўқув курси мени хурсанд қилди. Ҳозир ўқиш билан бир қаторда турли техника буюмларини таъмирлаб, тузатиш сирларини ўрганмоқдаман. Келажакда ушбу ҳунарни мукаммал ўрганиб, мен ҳам шогирдларга ўргатмоқчиман дейди, – маҳалла фуқароси, иккинчи гуруҳ ногирони Шуҳрат Одилов.

Шунингдек, маҳалладаги кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатувчи “Янги Белтепа бошқарув сервис” бошқарув компаниясига 8 нафар ишсиз фуқаро ишга қабул қилинди, шунингдек, мазкур бошқарув компаниясига элертрпайвандчи, сантехник, электриклар учун зарур жиҳозлар ижара асосида олиб берилди.

Маҳалла биносининг орқа томонидаги бўш турган ер майдонида замонавий контейнерлардан иборат “Меҳнат гузари” ташкил этилиб, унда тикувчилик, сартарошлик, қандолатчилик ва заргарлик йўналишларида 42 та янги иш ўрни ташкил этилиб, маҳаллалардаги ишсиз фуқаролар ишга жойлаштирилди.

– Биз бу ерда 20 турдаги ширинликлар, қандолат маҳсулотларини пиширишни ўрганмоқдамиз. Тайёрлаган маҳсулотларимизнинг сотувини ҳам йўлга қўйганмиз.Айни кунларда туғилган кунлар учун торт маҳсулотларини пиширишни ўрганмоқдамиз,– дейди қандолатчилик йўналиши ўқувчиси Дилфуза Абдуҳакимова.

Вазирлик томонидан берилган кўмак ёрдамида маҳаллада тадбиркорлик субъектларининг сони ортиб, янги иш ўринлари ташкил қилинмоқда.

Файзулло Яҳёев, ЎзА