Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шодлик, беғуборлик байрами
12:21 / 2021-05-29

Мамлакатимизда 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан "Боланинг бегонаси бўлмайди!" шиори остида ҳафталик бўлиб ўтмоқда.

Болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг билим олиши, ижодий-интеллуктуал савиясини юксалтириш, саломатлигини мустаҳкамлаш учун зарур шароитларни яратишга доимий эътибор қаратилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мактабгача таълим, халқ таълими, соғлиқни сақлаш, бошқа ижтимоий соҳаларда жорий этилаётган ижобий ўзгаришлар ўғил-қизларнинг баркамол инсонлар бўлиб вояга етишидек мақсадларга қаратилгандир.

Гарчи пандемия шароити бўлса-да, мамлакатимиз истироҳат боғлари, Меҳрибонлик уйлари, болалар маҳаллалари, ихтисослаштирилган таълим-тарбия муассасаларида карантин ҳамда бегиланган тиббиёт қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда болалар учун байрам тадбирлари, сайллар, концерт дастурлари, экскурсиялар ташкил этилмоқда.

Мазкур тадбирлар юқори савияда ўтиши учун Маданият, Халқ таълими вазирликлари, Бадиий академия, "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия жамғармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари масъул этиб белгиланган.

Жумладан, Тошкент шаҳридаги "Анҳор-Локомотив" истироҳат боғи, Ашхобод сайлгоҳида эҳтиёжманд оилалар ўғил-қизлари учун байрам тадбирлари ташкил этилмоқда. Меҳрибонлик уйлари, "Sos" болалар маҳалласи, Ватан ҳимояси йўлида умри фидо бўлган ҳарбийларнинг фарзандлари ҳам ушбу тадбирларга таклиф этилган.

Айтиш жоизки, шифохоналарда даволанаётган болалар, имконияти чекланган жажжилар учун ҳам махсус байрам тадбирлари ташкил этилиши кўзда тутилган. Турли ижодий фестиваллар, кўрик-танловлар, викториналар, концертлар, спорт мусобақалари, бадиий кўргазмалар махсус ҳафталикка янада завқ бағишлайди.

Соя-салқин хиёбонлар, кутубхоналарда ёзувчи ва шоирлар билан учрашувлар, мулоқотлар, китобхонлик тадбирлари ўтказилмоқда. Ҳафталик чин маънода болалик, шодлик, беғуборлик байрамига айланмоқда.

Назокат Усмонова, ЎзА