Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шодиёналар янги истироҳат боғида бўлиб ўтди
16:29 / 2025-09-02

Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳри аҳолиси учун бу йилги энг улуғ ва энг азиз айём — Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 34 йиллиги ўзгача шукуҳ билан нишонланди. Байрам тантаналари “Sirdaryo IES” ҳомийлигида янгитдан бунёд этилган замонавий “Ором” истироҳат боғида бўлиб ўтди.

Янги боғ нафақат шаҳар аҳолиси, балки энергетиклар шаҳрига ташриф буюрувчи меҳмонлар учун ҳам қувончли ҳордиқ масканига айланди. Бу ерда бир километрга яқин хизмат йўлаклари, 500 метрдан ортиқ пиёдалар йўлаклари қурилиб, 6 та замонавий аттракцион ўрнатилди.  Ўзидан хуш ислар таратиб турган гулзор эса боққа алоҳида тароват бағишлаб, уни ҳақиқий маданий дам олиш масканига айлантирди.

“Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида ўтган асосий байрам тадбирида шаҳар ҳокими Ниёз Ҳазратқулов нутқ сўзлаб, мустақиллик йилларида мамлакатимизда, жумладан Ширин шаҳрида амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари  ва ислоҳотлар ҳақида тўхталди. Унинг таъкидлашича, саноат, қурилиш, ижтимоий ҳаёт ва инфратузилмадаги юксалишлар — мустақиллик берган улкан имкониятларнинг амалий ифодасидир.

Тантаналар давомида фаол нуронийлар, ёшлар, спортчилар, ўқитувчи ва мураббийлар, энергетиклар, шунингдек, шаҳар ободончилиги йўлида толмай хизмат қилаётган “Ободонлаштириш” ва “Тоза ҳудуд” корхоналари ходимлари диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

– Биз катта авлод вакиллари, юртимизда кечаётган янгиланиш ва ободонликдан чексиз қувончдамиз, – дейди шодиёнада иштирок этган меҳнат фахрийси Ашурали Хўжанов. – Илгари бундай гўзал истироҳат боғлари фақат катта шаҳарлардагина бўларди. Энди эса бизнинг Ширинимизда ҳам аҳоли ва ёшлар учун мана бундай маскан яратилгани — мустақилликнинг беқиёс неъматидир. Йигит-қизлар ана шундай шароитлардан унумли фойдаланиб, ватанга содиқ ва билимли авлод бўлиб, камол топишига ишонаман.

Бадиий дастур ҳам ғоятда  ранг-баранглиги ва кўтаринки руҳи билан ҳеч кимни бефарқ қолдирмади. Ёш ижодкорлар ва халқ ансамбллари чиқишлари, маданият бўлими хонандаларининг куй-қўшиқлари ва рақслари иштирокчиларга байрамона кайфият улашди.  

Ғулом Примов, ЎзА мухбири