Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ширкат хўжалиги аъзоларига 380 миллион сўмдан ортиқ улушлари ундириб берилди
10:36 / 2022-09-07

Навоий вилояти, Хатирчи туманида “Олтинсой” ширкат хўжалигининг 72 нафар аъзосига 380 миллион сўмдан ортиқ улушлари ундириб бериш бўйича суд қарори қабул қилинди.

Ширкат хўжалиги 1998 йилда ташкил этилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 мартдаги “Чорвачиликда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, ширкат фермер хўжалигига айлантирилиши боис 2017 йилда туман ҳокими қарори асосида тугатилган.

– Гарчи ўша даврда ташқи қарзлар қопланган бўлса-да, хўжалик аъзоларининг ҳисса улушлари тўланмасдан қолган, – дейди Хатирчи туман адлия бўлими бошлиғи Зафар Насимов. – Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 5 январидаги “Қишлоқ хўжалиги корхоналарини фермер хўжаликларига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Қишлоқ хўжалиги корхоналарини фермер хўжаликларига айлантиришда активлар ва пассивларни тақсимлаш тартиби”нинг 8-бандида агар хўжаликда қопланмаган зарар мавжуд бўлса, у ҳолда зарар хўжаликнинг захира ёки бошқа фондлари ҳисобидан қопланиши кўрсатиб ўтилган. Агар зарар ушбу маблағлар ҳисобидан қопланмаса, у ҳолда устав капитали ҳисобига қопланиши ва ширкат хўжалигининг устав капитали ушбу суммага камайиши, устав капиталининг қолган қисми ширкат хўжалиги аъзолари ўртасида уларнинг мулкий пайларига мувофиқ тақсимланиши белгиланган.

Мазкур тартибга асосан, туман адлия бўлими томонидан “Олтинсой” ширкат хўжалигининг 72 нафар аъзоси манфаатида судга даъво аризаси киритилиб, мурожаат ижобий қаноатлантирилди.

– Ширкат хўжалиги тугатилгандан сўнг аъзоларнинг ҳаммаси, жумладан, ўзим ҳам бир неча йил давомида улушларимизни олиш учун кўп ҳаракат қилганмиз, – дейди Суюндиқ Мамазиятов. – Бугун шу масала адлия бўлими ёрдами билан ҳал бўлди. 



Абдували Бўриев, ЎзА