Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ширинлик пенсионер қандай қилиб миллионер бўлди
11:46 / 2020-04-10

Президентимиз томонидан коронавирус пандемиясини мамлакатимизда тарқалишини олдини олиш мақсадида карантин эълон қилиниб, унинг аҳоли ҳаёти ва мамлакат иқтисодиётига салбий таъсирини камайтиришга қаратилган қатор муҳим фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Уйда қолинг!

Президентимиз томонидан коронавирус пандемиясини мамлакатимизда тарқалишини олдини олиш мақсадида карантин эълон қилиниб, унинг аҳоли ҳаёти ва мамлакат иқтисодиётига салбий таъсирини камайтиришга қаратилган қатор муҳим фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Жорий йилнинг 8 апрель куни Давлатимиз раҳбари бошчилигида коронавирус пандемиясига қарши курашишда жойлардаги ишлар натижадорлиги таҳлили ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаи бўлган томорқачиликни ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Ушбу йиғилишда Юртбошимиз томонидан юклатилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида ҳам бир қатор хайрли ишлар амалга оширилмоқда.

Видеоселектор йиғилишида, Президентимиз, “Мана шундай оғир синов дамларида кўпмиллатли халқимиз саросима ва ваҳимага тушмасдан, аксинча, четдан келган бу балонинг тезроқ ўтиб кетишига, ҳадемай яхши кунлар келишига ишониб, ўзининг мустаҳкам иродаси, меҳр-оқибати ва ҳамжиҳатлигини яна бир бор намоён этмоқда. Ҳудудларда миришкор деҳқон ва фермерларимиз баҳорнинг ҳар бир кунини ғанимат билиб, яхши ният ва эртанги кунга ишонч билан қишлоқ хўжалиги ишларини бошлаб юбордилар” дея таъкидлади.

Дарҳақиқат, томорқа оиланинг бебаҳо хазинаси. Ундан тўғри ва оқилона фойдаланган киши ҳам рўзғорини обод қилади, ҳам бозорни сероб қилишга ўз ҳиссасини қўшади. Ширин шаҳрида худди шундай меҳнатсевар инсонларни кўплаб учратиш мумкин.

Мамлакатимизда вилоятга бўйсунувчи шаҳарлар орасида энг кичиги Ширин шаҳри фуқаролари ўз томорқасида турли кўкатлар, помидор, бодринг, картошка ва бошқа сабзавотлар етиштириб, хонадонини кундалик заруратини таъминлаб, эҳтиёжидан ортганини бозорда сотиб оила бюджетини янада мустаҳкамлайди. Ширинликлар орасида мўъжазгина томорқасидан миллион-миллион сўмлаб даромад олаётган миришкорлар талайгина.

Ушбу мақолада меҳнатсевар инсонлардан бири, томорқасига тўккан пешона тери орқали оддий пенсионерликдан миллионер даражасига кўтарилган шаҳардаги Нуробод маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Мамадали Шерназаров ҳақида ҳикоя қиламиз.

Ёшлигидан деҳқончилик ва чорвачилик ортидан суяги қотган Мамадали ака агрономлик касбини эгаллашни орзу қилиб, тақдир тақазоси билан Гулистон давлат университети (аввалги Сирдарё давлат педагогика институти)нинг тарих факультетини аъло баҳоларга тамомлаб, ўзи туғилиб ўсган шаҳардаги 4-сонли умумий ўрта таълим мактабида ўқувчиларга кўп йил тарих фанидан сабоқ берди.

Мамадали ака ўқитувчилик билан бир вақтда деҳқончиликка бўлган ҳавасини, томорқасига бўлган меҳри ва меҳнатини канда қилмади.

Устоз-муаллимликдан нафақага чиққунига қадар томорқасида ҳавас билан меҳнат қилиб юрган Мамадали Шерназаров, пенсияга чиққанидан кейин ўзи ҳақиқий миришкор- деҳқонга, томорқа хўжалигини эса ҳақиқий даромад манбаига айлантирди.

Мамадали ака қисқа фурсатда 15 сотихлик томорқасининг 10 сотихида эртаги картошка етиштириб, қолган қисмида ҳавас қиладиган боғ яратди. Деҳқончилик сирини ўзлаштириб олган миришкор ернинг ҳар қаричидан ақл билан фойдаланиб, еридан бир йилда уч марта ҳосил олади.

Кўпчилик картошка экишга эндигина киришганида Шерназаровларнинг 10 сотихлик майдонидаги картошкаси бир сидра гуллай бошлайди. Томорқадан картошка кавлаб олиниши билан иккинчи экин — бодринг, помидор, булғор гаримдориси, бақалажон, қалампир кўчатлари ва турли кўкатлар етиштириб, эҳтиёжларидан ортиғини бозорда сотади. Сабзавот йиғиб олиниши билан, бўшаган майдонга саримсоқ экилиб ундан ҳам тузукгина даромад олинади.

Йил бўйи мўъжазгина боғида ўрик, гилос, шафтоли, беҳидан тортиб, ёнғоқгача бор. Бугунга келиб, Шерназаровлар томорқасининг ўзидан йилига 20-30 миллион сўмгача соф даромад олаётган бўлса, оғилхонасида, Мамадали аканинг қатъий назорати билан ҳар йили бўрдоқига боқилиб сотилаётган 8-10 бош новвосдан 60-70 миллион сўмдан фойда кўрилаётир. Мамадали ака бўрдоқига боқиб, бозорга олиб чиққан новвослари доимо талаш бўлади.

— Бугун элимиз бошига иш тушиб, синовли кунларни кечирмоқда, — дейди томорқа ва чорва хўжалигини даромад манбаига айлантирган миришкор-деҳқон, уста-чорвадор Мамадали ака Шерназаров. — Коронавирус деган офат туфайли карантин жорий этилиб, бир қатор муассаса, корхона, ташкилотлар вақтинча ёпилди. Президентимиз бир эмас, икки эмас, уч маротаба мурожаат қилиб, барчамизни уйдан чиқмаслигимизни, врачлар тавсиясига амал қилишимизни илтимос қилди.

Лекин, уйда қолинг, дегани, томорқангизда ишламанг, чорвангизга қараманг, дегани эмаску? Тунов кунги видеоселекторда Давлатимиз раҳбарининг ўзи, томорқачиликни даромад манбаига, аҳоли бандлигини таъминлашнинг энг яхши чораларидан эканини таъкидлади. Ишхонангиз вақтинча ёпилибдими, демак сизда томорқангизда меҳнат қилиш, чорвангизни боқиш учун кўпроқ вақт ва имконият туғилдику, ахир. Шундан унумли фойдаланинг-да, баракатопкурлар.

Баҳор кутиб турмайди, ҳар бир кун, ҳар бир дақиқа ғанимат. Эрта эккан ҳосилни ҳам эрта йиғади. Мана ўзим, деҳқончилик, чорвачилик орқасидан кам бўлмадим, бунинг учун Худога минг бора шукур қиламан. Яратган эгам ҳам, сендан ҳаракат, мендан барокат, деб бежиз айтмаган. Даромаднинг ҳамма сири меҳнатда, уйингизда қолинг, томорқангизда меҳнат қилинг, коронавирус дардидан ўзингизни, оилангизни ҳам сақлайсиз, ҳам даромад қиласиз.

Дарҳақиқат, томорқа ва чорвадан олинган даромад ҳисобига Мамадали ака ўғиллари — миришкор деҳқон Абдусалом ва ота касби, ўқитувчиликни эгаллаган Абдужалолга иккита данғиллама уй қуриб, иккисининг ҳам ҳовлисида сабзавот маҳсулотлари ва мевали боғларини барқ урдириб қўйибди. Ана шу меҳнати эвазига дарвозахонасида “Кобольт” автомашинаси “гердайиб” турибди. Бу йил яна бир ўғли, Миллий гвардиянинг қўриқлаш хизмати ходими Абдуманнон учун ҳам алоҳида ҳовлили уй қуришни бошлаш ниятида. Айни чоғда ушбу ерда ҳам картошка барқ уриб ривожланмоқда.

Деҳқончилик ва чорвачилик сирини олган пенсионер ҳам ҳалол меҳнати, пешона тери эвазига миллионерга айланиши мумкин эканини ширинлик Мамадали ака Шерназаровнинг ҳаёт фаолиятида кўриб, ўзимиз гувоҳ бўлдик.