Дунё мамлакатларидаги сингари юртимизда ҳам “COVID-19” инфекциясини юқтириб олиш ҳолати кундан-кунга кўпайиб, аҳоли ўртасида тез тарқалмоқда. Бу эса фуқароларимизнинг карантин талабларига қатъий риоя қилиши, уйидан ташқарига чиққанда ҳамиша тиббий ниқобда бўлишини талаб этади.
Айни пайтда, мамлакатимизда ушбу инфекция тарқалишининг олдини олиш бўйича қатор чоралар кўрилмоқда. Сирдарё вилоятидаги барча туман ва шаҳарларда ҳам ҳудудлардаги санитария-эпидемиологик ва жамоат саломатлиги туман ва шаҳар бўлимлари ходимлари томонидан мунтазам равишда дезинфекция ишлари амалга оширилмоқда.


Жумладан, Ширин шаҳар санитария-эпидемиологик ва жамоат саломатлиги бўлими шаҳар ҳокимлиги назоратида ички режа-жадвали бўйича шаҳардаги барча корхона, ташкилот, савдо ва овқатланиш тармоқлари, маиший хизмат кўрсатиш тармоқларида профилактик дезинфекция тадбирлари давом эттирилмоқда.
Шаҳар ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳамда СЭ ва ЖС бўлинмалари ходимлари ҳамкорликда, ҳар куни, кун давомида навбатчи автотранспорт воситасида аҳолини огоҳликка чақириб, маска тақиш, антисептик воситалардан фойдаланишни унутмаслик, бир жойда гавжум ҳолда турмаслик, ёпиқ иншоотлардаги турли тадбирларда иштирокчиларнинг 50 фоизидан ошмаслиги мунтазам таъкидлаб борилмоқда.
Ширин шаҳрида бугунги кунда коронавирус инфекцияси бўйича эпидемиологик вазият барқарорлиги сақланиб турибди.
А.Қаюмов, Ф.Тошматов(сурат), ЎзА