Сирдарё вилоят ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев Ширин шаҳрида амалга оширилаётган инвестиция ва ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳалар билан танишди. Дастлаб Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси томонидан барпо этилаётган, 1500 МВт қувватга эга бўлган замонавий иссиқлик электр станцияси қурилишини кўздан кечирди.
Станция шу ойда 500 МВт электр энергия узатишни бошлайди. Йил якунига қадар 1 000 МВт, 2024 йилнинг биринчи чорагида эса тўлиқ қувватда ишга туширилиши режалаштирилган. 2018 йил “Ширин балиғи” МЖЧ томонидан 8,7 миллиард сўмлик кредит эвазига 4,2 гектарлик сунъий балиқчилик кўли ташкил қилинганди. Ҳозир айрим сабабларга кўра фаолияти тўхтатилган. Вилоят раҳбари томонидан масъулларга инвесторлар топиш ва лойиҳани ишга тушириш чораларини кўриш вазифаси юклатилди.


“Фарҳод” маҳалласидаги 1,5 гектар майдонда янги жоме масжиди ҳамда Дўстлик маҳалласида намунали лойиҳа асосида “Деҳқон бозори” қурилиши режалаштирилган. Вилоят ҳокими мазкур лойиҳалар тақдимоти билан ҳам танишди. “Деҳқон бозори” лойиҳага кўра, 120 савдо растасига эга бир қаватли усти ёпиқ павильон, шунингдек, 170 савдо шохобчаси ва 13 та икки қаватли савдо дўконидан иборат бўлади. Унда сотувчи ва харидорларга қулай шароитлар яратиш кўзда тутилган.


Шунингдек, 1-сонли умумтаълим мактаби қошида ёшлар учун ташкил этилаётган касб-ҳунар, хорижий тил, рақамли технологиялар бўйича ўқитишга йўналтирилган мономарказ, вилоят ўрмон хўжалигига қарашли кўчатчилик плантацияси фаолияти ҳам ҳокимнинг назардан қолмади.
Ш. Суяров, ЎзА мухбири.