Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ширин шаҳрида Ёшлар марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди
22:45 / 2023-04-20

Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида Ўзбекистон ёшлар форуми ўтказилди.

Энергетика вазирлиги, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ ҳамда Ўзбекистон энергетика, нефть-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши ҳамкорлигида  ташкил этилган форумда тизимда фаолият кўрсатаётган 400 нафарга яқин ёшлар қатнашди. 

Қайд этиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 февралдаги  “2022-2026 йилларга  мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонида устувор вазифалар белгиланган. Ана шу талаблар ижросида ўтказилган форум ҳам ёшларнинг иқтидор ва билимини намойиш этиш ҳамда имкониятини синаб кўришда муҳим ҳисобланади.

Форум “Спортни сев, спорт билан яша!” шиори остида эрта тонгдан ўтказилган “Энергетиклар марафони” билан старт олди. Унда “Иссиқлик электр станциялари” АЖ ва филиаллари, энергетика, нефть-газ ва геология корхоналари ёшлари 4,5 километр масофани босиб ўтди. 

Шундан сўнг  ОАВ вакиллари учун бир нечта манзилларга пресс-тур ташкил этилди. Сирдарё ИЭСга ёндош ҳудудда, аниқроғи, Ширин шаҳри ва Боёвут туманлари ҳудудида Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси томонидан қурилаётган  қуввати 1 500 МВт бўлган иссиқлик электр станцияси улардан биридир. ОАВ вакиллари қурилиш майдонида бўлиб, бу ердаги жараён билан танишди.

Форум доирасида Ширин шаҳрида Ёшлар марказининг тантанали очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди. 

[gallery-11540]

Унда Энергетика вазирлиги масъуллари, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ мутасаддилари, Сирдарё вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон энергетика, нефть-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши вакиллари иштирок этди. 

Марказнинг тантанали очилишида Сирдарё вилояти ҳокими Акмал Маҳмудалиев, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ бошқарув раиси в.б Баҳодир Жўраев ва бошқалар  мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътибор уларнинг ҳар томонлама билимли ва салоҳиятли бўлишига катта имконият яратаётганини қайд этди.  Бугун фойдаланишга топширилган Ёшлар маркази ҳам уларга ана шундай  эзгу мақсадларда хизмат қилиши билан эътиборлидир.

–Мамлакатимизда ёшлар учун барча қулайликлар яратилмоқда. Бу уларга мустаҳкам билим олишига ва ўз устида кўпроқ ишлашига имкон яратади. Ўзбекистон ёшлар форуми доирасида Энергетика вазирлиги ва “Иссиқлик электр станциялари” АЖ томонидан бунёд этилган ушбу марказ ёшларга тантанали равишда топширилди. Ишончим комил, у доимо шижоатли ва келажакка ишонч билан боқадиган ёшлар билан гавжум бўлади, –деди “Иссиқлик электр станциялари” АЖ бошқаруви раиси в.б Баҳодир Жўраев. 

Барча қулайликларга эга ушбу замонавий марказда “Coworking”, “IT-park”, “Ахборот ресурс маркази”, “Маданият уйи”,  “Book cafe” ва Ёшлар агентлиги жойлашган.  Бу эса ёшларни ўз мақсадлари сари илдам боришга ундайди, ўқиб-ўрганишига замин яратади.

Тадбирда иштирок этган  4-сонли умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Холида Алижонова ўз таассуроти билан ўртоқлашди.

–Очиғини айтганда,  шаҳарчамизда ана шундай “Ёшлар маркази” бўлишини кўпдан бери ният қилар эдик. Унинг қурилиши бошланганида, бинога қараб ўзимизча орзулар қилганимиз ҳам рост.  Марказда иш бошлайдиган ҳар бир бўлим биз учун имконият. Ундан унумли фойдаланишга ва билимимизни янада оширишга ҳаракат қиламиз, – деди у. 

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири