Тошкент шаҳар ҳокимлигида Хитой Коммунистик партияси (ХКП) Шинжон-Уйғур автоном минтақавий қўмитаси котиби ўринбосари, ХКП Урумчи муниципал қўмитаси котиби Чжан Чжу бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган янги лойиҳалар ҳақида маълумот берилди. Жумладан, шаҳарнинг инвестицион муҳити ва имкониятлари тақдимоти бўлиб ўтди.


Томонлар яшил технологиялар, ақлли шаҳарсозлик, транспорт, савдо соҳаларида ҳамкорликни давом эттириш, инвесторларни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган йирик лойиҳаларга жалб этиш, мавжуд ва истиқболли қўшма лойиҳалар кўламини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Шунингдек, тадбирда туризм соҳасидаги ҳамкорлик натижасида Хитой — Ўзбекистон ўртасидаги туризм оқими сезиларли ошгани таъкидланди. Ўз навбатида, делегация раҳбари жаноб Чжан Чжу Тошкент шаҳри билан алоқаларни янги поғонага олиб чиқиш, ҳамкорликни кенгайтириш ҳар икки томон учун манфаатли эканини алоҳида қайд этди.
Учрашувда қайд этилганидек, ҳамкорликдаги бундай тадбирлар икки минтақа ўртасидаги иқтисодий ва маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, янги инвестицион лойиҳаларни йўлга қўйиш ҳамда туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА