Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманида пахтачиликда янги босқич бошланмоқда. Сув танқислиги, иқлим ўзгариши кучайиб бораётган бир пайтда бу ҳудудда Хитойнинг Шинжон агротехнологияси маҳаллий шароитга мослаштирилган ҳолда амалиётга жорий этилди.
Энг муҳими, бу тажриба кўр-кўрона кўчирма эмас, балки Мирзачўл тупроғи, иқлими ва фермер тафаккури асосида такомиллаштирилган ечим сифатида ўзини оқлаяпти. Бу ерда гап фақат янги усул ҳақида эмас, балки пахтачилик фалсафасини ўзгартириш ҳақида бормоқда: кам сув — кўп ҳосил, кам харажат — юқори даромад, бир мавсум — учта экин.
Мирзачўл тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжаликлари бўйича ўринбосари Султон Ориповнинг таъкидлашича, бугун пахта етиштиришда энг муҳим масала — ресурсларни оқилона бошқаришдир.
— Хитойнинг Шинжон усулида пахта етиштириш тажрибасини ўрганар эканмиз, уни тўлиқ кўчириш эмас, балки маҳаллий шароитга мослаштириш йўлини танладик, — дейди у. — Асл технологияда чигит плёнка остига экилади. Аммо Мирзачўл шароитида бу усул кутилган самарани бермади: плёнка тешикларидан бегона ўт чиқиб, ғўза ниҳолини босиб қолди. Шу сабаб плёнкадан тўлиқ воз кечдик.
Мирзачўлча янгилик шундаки, томчилатиб суғориш шланглари 3–5 сантиметр чуқурликда, қўш қатор орасига жойлаштирилди, чигит эса шлангнинг икки томонига экилди. Натижада тупроқ намлиги узоқ сақланди, уруғ ер намига бир маромда униб чиқди, бегона ўтларга қарши кураш осонлашди, сув ва ўғит бевосита илдизга етиб борди.
[gallery-27352]
Бу ечим ўтган хўжалик йилиёқ ўзини тўлиқ оқлади. Ҳатто хитойлик мутахассислар ҳам айнан шу маҳаллий мослашувга юқори баҳо берди.
Жорий қишлоқ хўжалиги йилида Мирзачўл туманида жами 12 минг гектарга пахта экиш режалаштирилган. Шундан 7 минг гектарига Хитой селекциясига мансуб 57 ва 76 навли уруғлар экилиши кўзда тутилган. Бу жараёнда “Bashiran” компанияси ишлаб чиқарган махсус қўшқаторли сялкалар қўлланилмоқда.
— Бу йил иқлим жуда қуруқ келиши кутиляпти, — дейди Султон Орипов. — Шунинг учун чигитни қисқа муддатда, сифатли экиб, ер намига ундириш ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Қўшқаторлаб экишда пуштада намлик узоқ сақланади, бу эса ниҳолнинг илк ривожи учун жуда муҳим.
Тажрибанинг энг ишончли исботи — фермер натижаси. “Қуёшли водий” фермер хўжалиги раҳбари Ғанишер Раҳматов ўтган йили 78,5 гектар майдоннинг 13,5 гектарида ушбу усулни синовдан ўтказди.
— Илгари тўқсонлик схемада бир қаторлаб экиб, гектаридан 25–30 центнердан ортиқ ҳосил ололмасдим, — дейди фермер. — Бу усулда эса ўртача 55–60 центнер ҳосил олдик. Сарф-харажатлар қарийб 50 фоизга камайди.
Фермер ҳисоб-китобига кўра, 261 миллион сўм сарф билан 600 миллион сўмга яқин пахта сотилган. Соф даромад 360 миллион сўмдан ортиқни ташкил этган.
Энг муҳими, томчилатиб суғориш шланглари қолган ҳолда пахтадан кейин ғалла, ундан кейин эса такрорий экин — мош экиш имкони яратилди.
— Ғалладан 100 центнер, мошдан эса 40–50 центнергача ҳосил олишни режалаштиряпмиз. Ерни ҳайдамай, жўяк олмай ғалла экишни амалга оширдик. Ғалла ўримидан сўнг эса шу суғориш шланглари билан такрорий экин сифатида мош экишни режалаштириб турибмиз. Худо хоҳласа, жорий йилгидан ҳам кўпроқ даромад қилиш ниятидамиз, — дейди фермер.
Мирзачўл тажрибаси шуни кўрсатдики, Шинжон технологияси маҳаллий шароитга тўғри мослаштирилганда, у фақат пахтачиликда эмас, балки бутун экин айланмасида самара беради. Бу — сувга эҳтиёткор муносабат, ер унумдорлигини сақлаш ва фермер даромадини оширишнинг реал йўли.
Агар ушбу модель республика миқёсида жорий этилса, қишлоқ хўжалигида харажатлар қисқариб, ҳосилдорлик ортади, энг муҳими эса озиқ-овқат ва хомашё хавфсизлиги мустаҳкамланади.
Мирзачўл тажрибаси: Шинжон технологиясининг маҳаллий ечими
Сувни тежайдиган, плёнкасиз замонавий агротехнология
🟢 Йўналиш 🔵 Мазмун
🎯 Асосий мақсад: Сув ресурсларини тежаш, ер унумдорлигини сақлаш ва барқарор юқори ҳосилга эришиш;
⚙️ Технология моҳияти: Чигитни қўш қатор қилиб экиш, томчилатиб суғориш шлангларини 3–5 см ер остига жойлаштириш;
🚫 Плёнкадан воз кечиш: Бегона ўтлар назорати осонлашади, қўшимча харажат йўқ, ниҳол ривожи табиий;
↔️ Қўш қаторли экиш: Тупроқ намлиги узоқ сақланади, техника ҳаракати қулай, ўсимликлар соғлом ўсади;
💧Томчилатиб суғориш: Сув ва ўғит тўғридан-тўғри илдизга етади, сарф кескин камаяди;
♻️ Ресурс тежами: Сув, ўғит, меҳнат ва вақт сарфи сезиларли қисқаради;
📈 Ҳосилдорлик: Пахта — 55–60 ц/га, ғалла — 95–100 ц/га, такрорий экин — 40–50 ц/га ошади.
✅ Хулоса: Мирзачўлча мослаштирилган Шинжон усули — миллий қишлоқ хўжалиги учун тайёр ечим.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/_P0kt7Ly9Xg?si=HWahbLyyFA9bmqFa" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (видео, сурат), ЎзА