Шинжон маҳсулотлари халқаро кўргазмаси
Тошкентда 12 ноябрь куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси ва Шинжон палатаси кўмагида Шинжон маҳсулотлари халқаро кўргазмаси ташкил этилди.
Тошкентда 12 ноябрь куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси ва Шинжон палатаси кўмагида Шинжон маҳсулотлари халқаро кўргазмаси ташкил этилди.
“Кичик бизнес жиҳозлари ва буюмлари“ деб номланган кўргазманинг очилишида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов, Хитойнинг Шинжон мухтор провинцияси раиси ўринбосари Жао Цинь ва бошқалар давлатларимиз ўртасидаги муносабатлар тобора мустаҳкамланаётгани, айниқса, савдо-иқтисодий алоқалар кўлами жадал кенгайиб бораётганини таъкидлади. Ўзбекистоннинг ҳамкорлари орасида Хитой ўзаро савдо айланмаси ҳажми бўйича биринчи ўринга чиққани мамнуният билан қайд этилди.
Тадбирни ташкил этишдан кўзланган мақсад кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун зарур асбоб-ускуналар, мини-технологиялар, шунингдек, тайёр маҳсулотлар соҳасида Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни янада ривожлантиришдан иборат.
Кўргазмада Хитойнинг қурилиш, қадоқлаш материаллари, электр жиҳозлари, тиббий асбоблар, пластмасса буюмлар ишлаб чиқарадиган, шунингдек, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, логистика, машинасозлик каби соҳаларга ихтисослашган 40 та етакчи компанияси ва 100 дан ортиқ маҳаллий тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этмоқда.
Маҳсулотлар озиқ-овқат ва қадоқлаш, қурилиш ва қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги технологиялари, тўқимачилик, кийим-кечак ва пойабзал, транспорт ва консалтинг хизматлари, кимё саноати, соғлиқни сақлаш йўналиши, металл тармоқлари, энергетика, пўлат конструкциялари ва бошқа кўплаб алоҳида бўлимларда намойишга қўйилган.
Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик кенгайиб бораётгани Савдо-саноат палатаси томонидан тақдим этилган статистик рақамларда ҳам яққол акс этган. Масалан, 2018 йилда икки давлат ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 6,42 миллиард долларни ташкил этди. Бу 2017 йил якунларига нисбатан 35,2 фоиз кўпдир. Ушбу давр мобайнида экспорт 41,6 фоиз, импорт миқдори 30,4 фоиз ортган.
Экспорт асосан табиий газ, хизматлар, қувурлар транзити, тўқимачилик маҳсулотлари, пластмасса ва пластмасса буюмлар, уран, мис, тери хомашёси, қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келган.
Импорт маҳсулотлари рўйхатида механик ва электр жиҳозлари, кимёвий, резина, пластмасса ва қора металл буюмлар, транспорт воситалари, озиқ-овқат, тўқимачилик, фармацевтика йўналишлари етакчилик қилмоқда.
Сўнгги пайтда Хитойга табиий газ, тўқимачилик моллари ва этилен полимер етказиб бериш ҳажми ошганини таъкидлаш жоиз. Мош, гилос, қуритилган мева, гилам каби янги турдаги маҳсулотлар экспорти йўлга қўйилди. Хусусан, 2018 йилда Чин юртига 500 тоннадан зиёд гилос, 23 минг тоннадан зиёд яшил ловия, 26 тонна узум уруғи, 10,5 минг тоннадан ортиқ майиз жўнатилган.
Кўргазмага ташриф буюрганларга маҳсулотлар ва етказиб берувчилар тўғрисида батафсил маълумот бериляпти. Шунингдек, “В2В” форматидаги учрашувлар орқали ишлаб чиқарувчи ёки компания вакиллари билан тўғридан-тўғри мулоқот олиб бориш, ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш, турли масалаларни норасмий муҳитда муҳокама қилиш имконияти яратилган.
Шинжон маҳсулотлари халқаро кўргазмаси 14 ноябрга қадар давом этади.