Корея Халқ Демократик Республикаси ушбу мамлакат вакиллари жорий йил Токио Олимпиадасида қатнашмаслигини эълон қилди.
Ҳукумат шу йўл билан спортчиларни “COVID-19»дан ҳимоя қилиш керак, деган фикрни илгари сурган.
Таъкидлаб ўтиш керак, 2018 йилда икки томон муносабати анча илиқлашиб, тарихий саммитлар ташкил этилган, ҳатто, қишки Олимпия ўйинларида шимол ва жануб бир жамоа бўлиб иштирок этган эди.
Пхенян ҳануз вирус билан боғлиқ ҳолат кузатилмаганини айтиб келяпти. Мутахассислар эса мамлакатда касаллик аниқланмагани эҳтимолдан йироқ, деб ҳисоблайди.
Шимолий Корея ҳозирча пандемия туфайли кечиктирилган Олимпиадани ўтказиб юбораётган биринчи йирик мамлакат сифатида қайд этилди. Мусобақа 23 июлда старт олиши керак.
Тарихга назар ташласак, КХДР «Совуқ уруш» даврида 1988 йилги Сеул ўйинларини бойкот қилган эди. Шундан сўнг, мана 33 йилдирки, мамлакат илк маротаба «Ёзги Олимпия» ўйинларида иштирок этмаяпти.
Жанубий Корея ҳукумати вакиллари эса, ўз навбатида, шимолликлар томонидан қабул қилинган мазкур қарордан афсусда эканини билдиришди. Улар Токио Олимпиадаси Вашингтон ва Пхенян ўртасида ядровий музокаралар танглигини юмшатиши, иккала Корея ўртасидаги муносабатни яхшилашга имкон яратишидан умидвор эканликларини таъкидлашган.