Шимолий Корея ракета учирди, АҚШ бунга муносабат билдирди
Шимолий Корея маҳаллий вақт билан 01.23 да Чагандо вилоятидан Япония шимоли томон баллистик ракета учирди. Бу ҳақда “NHK” телеканали хабар берди.
Ҳукуматдаги манбага кўра, ракета Япониянинг Тинч океани қирғоғидан 3 минг километр шарқ томонга тушган. Тахминан тўрт минг километр йўл босиб ўтиб, 20 дақиқача ҳавода қолган. Қайд этилишича, ракета одатий баллистик траектория бўйлаб ҳаракатланган.
Қўшма Штатлар Шимолий Кореяни “минтақани беқарорлаштирувчи ҳаракатлардан тийилиш”га чақирди.
“Биз Шимолий Кореяни мулоқот йўлидан бориш, жиддий ва изчил дипломатия билан шуғулланиш, барқарорликни бузувчи ҳаракатдан сақланишга чақирамиз”, деди АҚШ Давлат котибининг Шарқий Осиё ва Тинч океани масалалари бўйича ёрдамчиси Дэниель Критенбринк.