Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шимолий кон бошқармасидаги ҳар бир дарахтнинг ҳисоби юритилади
16:29 / 2022-03-05

Ҳар йили баҳор ойларида ниҳол экиш оммалашади. Бироқ уларнинг ҳаммаси ҳам дарахт бўлиб бўй чўзмайди.

 Баъзида топшириқ бажарилдими бўлди, деган бепарволик бизни баҳорда экилиб ёзга бормай чўпга айланадиган ниҳоллар уволига қолдиради.

“Учқудуқ экологиясини яхшилайман десанг ўз касбинг билан ёрдам қил!” шиори остида ишлаётган ёшлардан бири - ШКБ Ахборот коммуникацион технологиялари маркази дастурчиси Азиз Солиев томонидан “Яшил макон – 2022” дастури яратилди. Эндиликда бу дастур орқали Навоий вилояти Шимолий кон бошқармасидаги мавжуд бўлинмалардаги ҳар бир дарахтнинг электрон ҳисоботи олиб борилади.

– Дастурининг афзаллиги шундаки, ҳар бир бўлинма учун алоҳида очилган саҳифада унинг ҳудудидаги мавжуд дарахтлар жойлашувига қараб рақамлаштирилади, – дейди Азиз Солиев. – Янги экилган ниҳоллар эса қўшимча равишда киритилаверади. Бу дастур бир вақтнинг ўзида раҳбарият томонидан назорат қилиб борилади. Ҳеч ким ўзбошимчалик билан яшил табиатга қирон келтиролмайди ва “дастурни огоҳлантирмай” дарахт кесолмайди.

Бугунги кунда “Яшил йиллик” лойиҳа доирасида “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ Шимолий кон бошқармаси бўлинмаларида 12 мингдан зиёд дарахт ва бута кўчатларини экиш ва шу орқали чўл ҳудуддидаги яшил майдонларни 4 гектарга кўпайтириш режа қилинган.

Ушбу лойиҳа доирасида шу кунга қадар 7 минг 700 туп манзарали дарахт, 280 та мевали, 250 та турли бута кўчатлари экилди.

Жорий йил 1 мартдан бошланган “Яшил йиллик” умуммиллий тадбирида корхона ишчи-ходимлари томонидан 3 минг 100 та чўл ҳудудига чидамли қайрағоч, тут, жийда, ясень, гужум, қора тол каби дарахтлар экиш режалаштирилган бўлиб, А.Солиев яратган дастурга киритиб борилади ва шу орқали уларнинг ўсиши назоратга олинади.

Абдували Бўриев, ЎзА