Хоразм вилоятининг Урганч шаҳри ва Шовот туманида жойлашган Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий қисм ва муассасаларнинг ҳарбий хизматчилари ҳамда уларнинг оила аъзолари иштирокида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг сайёр қабули бўлиб ўтди.
Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати хабар берди.

Ҳарбий хизматчилар ва улар оила аъзоларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини амалга оширишда ёрдам кўрсатиш, муаммоларини ўрганиш, бир сўз билан айтганда, уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш ва жанговар-хизмат фаолиятида қулайликлар яратиш мақсадида ўтказилган қабулда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов ҳамда ҳарбий округ бошқаруви аппаратининг мансабдор шахслари иштирокида мурожаатчиларнинг муаммолари тингланди.

Ҳарбий хизматчиларни қўллаб-қувватлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, энг аввало, халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду-ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиш, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган эзгу ғоянинг амалий ифодасини намоён этиш мақсадида ўтказилган сайёр қабулда ҳарбий округдан жами 70 нафар мурожаатчининг муаммолари тингланди.

Жумладан, сайёр қабул давомида 2 та мурожаат ҳарбий хизматчиларнинг турмуш ўртоқларини мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш, 13 нафар ҳарбий хизматчини бошқа лавозимга ўтказиш, 25 нафарини имтиёзли ипотека кредитлари асосида белгиланган тартибда уй-жой билан таъминлаш, 6 таси молия ҳамда бошқа масалалар бўлди. 13 та мурожаат сайёр қабулнинг ўзида ечимини топиб, ҳарбий хизматчилар ва улар оила аъзоларининг розилигига эришилди.

Кўпчиликни йиллар давомида қийнаб келган муаммоли масалаларга ечим топиш, ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларига кўмак бериш, иш билан таъминлаш ҳамда фарзандларини мактабгача таълим ҳамда умумтаълим муассасаларига жойлаштиришда ёрдам кўрсатиш бўйича қарор қабул қилиниб, ҳар бир муаммо атрофлича ўрганилиши бўйича кўрсатмалар берилди.
ЎзА