Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шикоятбозлар соясида қолаётган шикаста қалблар ёки асоссиз шикоят ёзаётганлар қачон жазо олади?
17:24 / 2020-02-05

Умид билан Президентга шикоят хати ёзган, унинг натижасини илҳақ бўлиб кутган, бироқ ҳеч бир натижага эриша олмай вафот этган она ва бола ҳақида эшитганимдан бери улар ҳаёлимдан кетмайди.


Умид билан Президентга шикоят хати ёзган, унинг натижасини илҳақ бўлиб кутган, бироқ ҳеч бир натижага эриша олмай вафот этган она ва бола ҳақида эшитганимдан бери улар ҳаёлимдан кетмайди.

Улар вафот этибдики, шунчалар эътиборга, ёрдамга муҳтож бўлган, демак... Энди тасаввур қилиб кўринг, бетоблик устига йўқчилик, эътиборсизлик бўлса, одамнинг ҳоли не кечишини. Уларни аслида умидсизлик ўлдирган, шундай эмасми?

(Тақдир, ажал-да, деб эътироз билдиришга шошилманг, ахир уларнинг сўнгги нафасида ҳам бир томчи сув тортиқ қила олмадик-ку!)

Президентга шикоят ёзган сирдарёлик Любовь Криленко “Менинг қизим оғир касал, биринчи гуруҳ ногирони. Унга ногиронлар аравачаси керак, олаётган нафақа пулимиз яшашга ҳам етмаяпти. Маҳалладан ёрдам сўраганимда, улар рад этишди. Сиздан ёрдам сўрашга мажбур бўлдим, менга ёрдам беринг...”, деб сўраган.

Президент виртуаль қабулхонасига етиб борган ушбу мурожаат мутасаддиларга юборилган. Улар эса ушбу шикоятни “мурожаатчига ҳуқуқий маълумот берилди”, деб ёпиб юборишган. Бундан кўриниб турибдики, ҳеч ким мурожаатни ўқиб кўрмаган ҳатто.

Бу ҳолатни асло оқлаб бўлмаса-да, яна бир мулоҳаза: мурожаатлар сони кундан-кунга кўпайиб бораётгани ҳам аслида ёрдамга муҳтож одамларнинг эътиборсиз қолишига сабаб бўлмаяптимикин? Яъни мурожаат қилаётганлар орасида шикоятбозликни “касб” қилиб олганлар кўпайиб бораётгани юқоридаги каби шикаста қалбларни ўз соясида қолдирмоқда, назаримда.

Бу гапнинг исботи сифатида яқинда қўлимга тушган бир шикоятга тўхталиб ўтсам. Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманидаги маҳаллалардан биридан яшовчи И.М. коммунал хизмат кўрсатувчи ширкат фаолияти бўйича агентлигимизга шикоят йўллаган экан. Унда ширкат раиси яхши ишламайди, банкдан олган 1,5 миллиард сўм кредитни ўз эҳтиёжига сарфлаган, деган важлар келтирилган эди.

Ўшанда қиш чилласининг ўртаси, кун анча совуқ эди. Шунга қарамай, шикоятни ўрганиш учун йўлга чиқдим. Борсам, ўша одам яшайдиган маҳалла шунчалар обод, ҳаммаёқ озода, саришта, эканки, кўриб кўзим қувонди. Ташқи кўринишидан одамнинг ҳавасини келтирадиган чиройли кўп қаватли уйларнинг йўлакларига назар ташлар эканман, таъмирланган, топ-тоза эди.

Шикоятни ўқиб кўрганимда эса ҳаммаёқни ахлат босган, уйлар таъмирталаб, йўлаклар тозаланмаган, томларидан чакки ўтган хонадонларни кўрсам керак, деб ўйлагандим. Менда яхши ишламаётган ширкат ҳақида танқидий мақола ёзиш режаси йўқ эмас эди.

Шикоятчи билан бирга, маҳаллани айланиб юриб мулоқот қиларканман, обод жойларга ҳавасим келганини яшириб ўтирмадим. Бироқ, дилимда “шикоятчи – барибир ҳақ”, деган ўйда унинг раъйига қараб, сўзларини тингладим.

Фақат сал хавотир аралаш “Амаки, мен жуда абгор жойларни кўрганман, сизлар шукр қилсангиз бўларкан”, деб ётиғи билан тушунтиришга ҳаракат қилдим. Ахир шу битта ширкат устидан Президентга, Бош прокурорга, Давлат хавфсизлик хизмати раисига Ички ишлар вазирига шикоят йўллаган одам турарди қаршимда. Бу шикоятбознинг жиғига тегиб қўйсам, ҳолим нима кечишини тасаввур қилиш қийин эмас...

Демак, ширкатга тегишли кўп қаватли уйларни кўздан кечириб, ширкат аслида ишлаётганига ишонч ҳосил қилдим. Чунки ширкат ишламаса бундай ободликка эришиб бўлмасди.

Эндиги масала – “1,5 миллиард сўмни ким “туя” қилди?”, деган саволга жавоб топиш эди.

Бу ҳақда эса ширкат раҳбари билан мулоқот қилдик. У кредитга алоқадор ҳужжатларини тақдим қилди. Ширкат учун 1,5 миллиард сўм эмас, балки 1 миллиард сўм кредит ажратилгани маълум бўлди. Ушбу кредит ширкатга “Обод маҳалла” давлат дастури доирасида берилган бўлиб, унинг ярмига яқини шу мақсадда сарфланган. Фақат кейинги бир йилдан ортиқ даврда аҳолидан ширкат бўйича турли юқори идораларга шикоятлар тушаверганидан ширкат фаолият юрита олмаётган экан.

“Ҳадеб терговга қатнайвериб, ишларим қолиб кетди”, дейди ширкат раиси. Шикоятлар бўйича иш очилиб, тергов бўлган пайтда эса ширкат ҳисоб рақами “музлатиб” қўйилган ва кредитнинг ярмидан кўпи ҳали ишлатилмаган.

Буни айнан шу иш бўйича тергов олиб борган Шайхонтоҳур тумани, Олмазор тумани ички ишлар бўлимлари терговчилари ҳам тасдиқлади. Бу ерда икки туман тилга олинаётганининг сабаби — биринчи терговга шикоятчи томонидан ишончсизлик билдирилгани учун ушбу иш қўшни туманда қайта тергов қилинган. Бироқ, шикоят барибир тасдиғини топмаган.

Шикоятчи яшаётган кўп қаватли уй бошлиғи билан гаплашганимизда, вазиятдан хабар топиб, “Э, уми?”, деб ҳафсаласи пир бўлганини билдирди. Унинг шикоятбозлигидан безор бўлган қўшнилар уйини сотиб кетяпди-ку, деб ёзғирди. 

“Унинг ширкатдан тўрт миллион сўмга яқин қарзи бор, балки шуни тўламаслик учун ҳам ширкатни ёмонотлиқ қилиб юрганидир?”, деб қўшимча қилди.

Ўрганиш натижаларига асосланиб мақола битилса, бизга умид билан шикоят йўллаган, “ҳеч ким ҳал қила олмаган муаммони сиз ҳал қилиб беринг”, деб ёрдам сўраган одамнинг номини қоралашга тўғри келарди. Лекин бу одамгарчиликка тўғри келмаслигини ўйлаб, биз унинг ўзига тушунтириш жавоби йўлладик.

Лекин барибир тоғни урса талқон қиладиган бир эркакнинг зерикканидан шикоятбозлик қилиб юргани, бунинг учун идора ва ташкилотларни овора қилаётгани, ўнлаб одамларнинг қимматли вақтини ўғирлаганини кечириб бўлмайди.

Демак, тасдиғини топмаган шикоят учун жавобгарлик белгилаш вақти келган. Ахир шундайлар дастидан ҳақиқий муаммо тилга олинган шикоятларга эътибор бериш қийинлашмоқда. Ёрдамга муҳтож одамларга вақтида зарур ёрдам етиб бормаяпти. Чунки айнан шундай одамлар қайта-қайта шикоят қилишга ёки идорама-идора юришга кўп ҳолларда истиҳола қилади.

Биргина Президент халқ қабулхонаси ва виртуаль қабулхонасига тушаётган шикоятлар сони ҳар йили бир миллиондан ошаётганида, шубҳасиз, шикоятбозлар “ҳисса”си катта.

Одамлар ўз дардини айтсин, муаммосига ечим топсин, деган мақсадда Давлатимиз раҳбари “шикоятчи рози бўлмагунча шикоят назоратдан олинмайди”, деган фикрни билдирган.

Буни айримлар асоссиз шикоятбозлик қилиш мумкин, деб тушунаётгани ачинарли. Лекин, унутманг, сиз бу билан ҳақиқатда ёрдамга муҳтож одамларга жабр қилмоқдасиз!