Сирдарё вилоятида мана бир неча йилдирки байрамлар арафасида вилоят, шаҳар ва туманларнинг сектор раҳбарлари шифохоналарда даволанаётган беморлар ҳолидан хабар олиши одат тусига кирган.
Ушбу эзгу ишларнинг узвий давоми сифатида "Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз" шиори остида мустақиллик шодиёналари олдидан вилоят ҳокими ўринбосарлари, сектор раҳбарлари вилоятдаги мавжуд тиббиёт муассасаларида бўлиб, у ерда даволанаётган беморлар ҳолидан хабар олди. Уларга байрам совғалари улашилди.
– Сирдарё туманидаги Мирзо Улуғбек маҳалласида яшайман, 4 фарзандим, 9 набирам бор, – дейди Лутфинисо Очилова. — Менга кўкрак бези саратони ташхисини қўйишди. 6 ойдан буён мазкур муассасада шифокорлар назорати остида даволаняпман. Ҳозир аҳволим анча яхши. Бемор учун нима керак? Ширин сўз ва бироз далда. Ана шу далдани шифохонада топдим. Бугунги йўқловдан сўнг ўзимни янада соғлом, тетик ҳис этдим.

– Болалар онкогематологияси бўлимида 16 нафар бола даволаняпти, – дейди Сирдарё вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг бош шифокори Шавкат Искандаров. – Улар ҳам байрам арафасида меҳр-эътибордан четда қолмади. Мазкур бўлимда даволанаётган болалар ҳолидан хабар олиниб, уларга ҳам меҳр кўрсатилди.

– Гулистон шаҳридаги 16-умумтаълим мактабининг 10-синфида ўқийман, – дейди гулистонлик Рухсора Махамматқулова. — Шифохонага келганимда аҳволим анча ёмон эди. Чунки темир танқислигининг оғир даражаси билан касалланган эканман. Ҳозир яхшиман. Шифокорлар муомаласи, муолажасидан сўнг анча ўзимга келдим. Келажакда шифокор бўлмоқчиман. Беморларга ёрдам бериб соғлигини тикласам, ўзимни бахтиёр ҳис этаман.
Бу каби йўқловлар шаҳар ва туманларда давом этмоқда.
Ш.Суяров, ЎзА