Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шифохона зинаси остига ташлаб кетилган чақалоқ
19:54 / 2024-03-26

Бугун эрта тонгдан ижтимоий тармоқларда Қарши шаҳридаги шифохоналардан бирига янги туғилган чақалоқнинг ташлаб кетилгани хусусидаги хабар, айтиш мумкинки, барчани ларзага солди. Муборак рамазон ойида бундай жирканч ишнинг амалга оширилгани, кенг жамоатчиликда салбий фикрларни уйғотди.

Одамларга нима бўляпти? Ахир, у фарзандку. Уни дунёга келтирган онанинг қандай кўзи қийди экан, ўз жигарбандини ташлаб кетишга. Ўта ваҳший ҳайвон ҳам ҳеч қачон боласидан кечмайди...

Ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида ҳолат юз берган Қарши шаҳридаги вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида бўлдик.

Воқеа жорий йилнинг 21 март куни содир бўлиб, байрам бўлгани боис, шифохонада одам анчагина сийрак бўлган. Шу сабабли марказнинг травматология бўлими ва нейрохирургия илмий-амалий тиббиёт маркази жойлашган икки қаватли бинонинг биринчи қаватидаги зина остида қолдирилган сумка ҳеч кимнинг эътиборини тортмаган. Бироқ соат 15 лар чамасида эшитилган чақалоқ овози барчани ҳушёр торттиради. 

– 21 март куни навбатчиликда эдим, – дейди навбатчи ҳамшира Мукаррам Равшанова. – Соат учлар атрофида эди. Зинанинг остида боланинг йиғиси эшитилаётганини хабар қилишди. Пастга тушдик. Кўрсак, ҳақиқатдан ҳам чақалоқча йиғлаётган экан. Дастлаб, сумканинг ичида бошқа нимадир борми, деб қўрқдик ва болани ололмадик. Ўша пайтда ички ишлар ходими келиб қолди ва у киши болани сумкадан олиб, бизга берди. Уни кўрикдан ўтказдик. Қизча экан. 4-5 кунлик деб тахмин қилдик. Боланинг аҳволи яхши эди.   

Воқеа хусусидаги видеода ички ишлар ходими сумкани очиб, болани шифокорларга тақдим этганини кўриш мумкин. Инспекторнинг ўзи ҳолат ҳақида шундай изоҳ берди. 

– 21 март куни соат тахминан 15:30 ларда менга тегишли бўлган ҳудуддан мурожаат тушган эди, – дейди Ғузор тумани “Шерали” МФЙ профилактика инспектори Шаҳбоз Шаропов. – Хизмат вазифамни ўташ мақсадида мурожаатни ўрганиш юзасидан Қарши шаҳрида жойлашган кўп тармоқли тиббиёт марказига травматология бўлимига боргандим. Кириш эшиги ёнида иккинчи қаватга чиқишда 4-5 нафар ҳамшира турган экан. Улар ҳолатни тушунтиришди. Чақалоқ йиғисини эшитиб қолдим. Унга тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида чақалоқни сумкадан чиқариб олдим ва ҳамшираларга бердим. 

Навбатчи шифокорлар томонидан чақалоқ бирламчи тиббий кўрикдан ўтказилади. Аммо марказ катталарга ихтисослашган бўлиб, чақалоқни бу ерда олиб қолишнинг имкони йўқ эди. 

– Ўша куни навбатчиликда эдим, – дейди навбатчи шифокор Шавқиддин Жўраев. – Нейрохирургия бўлимидаги навбатчи ҳамширалар томонидан чақириқ бўлди. Бўлимга чиқадиган зинапоя остида аёл жинсига мансуб чақалоқ қолдириб кетилгани айтилди. Бола палатага олинди. Керакли тиббий ёрдам муолажалар кўрсатилди. Қўшимча озуқалар берилди. У текширувдан ўтказилганда чақалоқда тан жароҳатлари аниқланмади. Бўлган воқеа ҳақида ИИБ ходимларига хабар берилди. Сўнг чақалоқ Она ва бола марказига соғлом ҳолатда етказилди.  

Қарши шаҳридаги Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг ҳудудий филиалига бориб,у ердаги шифокорлар билан ҳам суҳбатлашдик. 

– Марказимизга байрам куни соат 19:30 ларда ички ишлар ходимлари чақалоқни олиб келишди. Болани қабул қилиб олдик. Чақалоқ алоҳида эътиборга олинди,– дейди  неонатолог Наргиза Эргашева. – Тиббий кўрикдан ўтказдик. Боланинг вазни уч минг ўн грамм, бўйи 45 сантиметр, жинси қиз бола эди. Умумий аҳволи яхши экан. Парваришлаш бўлимига ўтказдик. Кейин барча ҳужжатлаштириш ишларини амалга ошириб, болани Китоб туман гўдаклар уйига олиб бориб бердик. 

Хўш, туғилибоқ тақдирнинг шум қисматига дучор бўлган бу мурғак гўдак кимнинг фарзанди эди, ким уни шифохонага ташлаб кетди? Ушбу саволларга изоҳ олиш мақсадида вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати билан боғландик. 

– Жорий йил 21 март куни Қарши шаҳар ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ навбатчилик қисмига келиб тушган хабарга кўра, Қашқадарё вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази травматология бўлими биносининг иккинчи қаватга кўтарилиш зинасининг тагига чақалоқ номаълум шахс томонидан ташлаб кетилган, – дейди вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Ирода Расулова. – Ҳодиса содир бўлган жой тергов-тезкор гуруҳи томонидан кўздан кечирилган. Чақалоқ тиббий кўрикдан ўтказилганда туғилганига йигирма кун бўлгани, умумий аҳволи қониқарли, танасида тан жароҳати белгилари аниқланмади. Ҳозирги кунда чақалоқ Китоб туманида жойлашган вилоят болалар уйига жойлаштирилган, соғлом. Ҳолат юзасидан ҳозир Қарши шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.    

Ширингина фарзандидан нега кечгани уни дунёга келтирган онанинг ўзига аён. Энг ачинарлиси, уни ташлаб кетишдек машъум қарорга келганидир. Ҳар қандай қилмиш жазосиз қолмайди. Бугун яширинча боласини ташлаб кетиб, одамлардан қилмишини беркитгандир. Балки ҳақиқатда ёпиқлик қозон ёпиқлигича қолиб, жавобгарликдан ҳам қутилиб қолар. Аммо энди у бир умрлик виждон азобида яшаши тайин.

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири