Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шифокорнинг хатоси қимматга тушди
12:11 / 2024-10-03

Сирдарёдаги тиббиёт бирлашмаларидан бирига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиниканинг қарийб 35 йиллик тажрибага эга бўлган психионевролог шифокори Н. ўзи муолажа қиладиган ногирон боланинг соғлиғи бўйича тиббий хулосани Асаб ва руҳий касалликлар диспансери комиссиясидаги танишлари орқали тўғрилаб беришни айтиб, унинг онасидан бир миллион сўм пулни олмоқчи бўлган вақтида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қўлга олинди.

У бу қилмишини бемор боланинг онасига ёрдам сифатида қилганини айтди. Унинг бу қилмиши жиноят сифатида баҳоланиб, Жиноят ишлари бўйича Янгиер шаҳар судида кўриб чиқилди.

Суд мажлисида бемор боланинг онаси  шифокор ўз ваколати дорисида доимий равишда унга ёрдам кўрсатганлигини, лекин бу сафар танишларим орқали дея ундан пул сўраганини, гарчи ўғлининг дори-дармонлари учун моддий жиҳатдан қийналиб турганлигини айтса-да, шифокор аввал пулни олиб келсанг, кейин ишни битириб бераман, дегани учун тегишли ташкилотларга ариза билан мурожаат қилишга мажбур бўлганлигини очиқлади.  

Шифокор бу иши жиноят эканлигини тушуниб, суд мажлисида қилган ишидан пушаймонлигини билдирди.

– Суд Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан айбдор шифокорни соғлиқни сақлаш тизимида ҳамда мансабдор ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг 55 баробари, яъни 18 миллион 700 минг сўм жарима жазоси ҳамда 2 йилу 6 ой, 10 кун муддатига озодликдан чеклаш жазоси тайинланди,– дейди Жиноят ишлари бўйича Янгиер шаҳар судининг раиси Шароф Эшимов.  

Шифокорлик –шарафли касб. Буни психионевролог шифокор кеч англаб етди. Энг ёмони, энди ҳамкасблари қаршисида ҳам боши эгиладиган бўлди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири