Мирзаобод тумани тез тиббий ёрдам шифокори Нурбек Абдураҳмоновнинг меҳнат ҳуқуқи тикланди. Унга иш берувчи томонидан ўтган даврларда тўланмай қолган устама ҳақлари тўлиқ қоплаб берилди.
Маълумки, тиббиёт ходимларининг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш касаба уюшмалари фаолиятининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу боис Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Сирдарё вилояти кенгашига шифокор томонидан йўлланган мурожаат тезкорлик билан ўрганиб чиқилди.
Текширувлар давомида 2023 йил июль–октябрь ойлари учун тўланиши лозим бўлган устама ҳақи амалда бериб борилмагани маълум бўлди. Мурожаат юзасидан касаба уюшмаси Республика кенгашининг Сирдарё вилояти бўйича меҳнат ҳуқуқи инспектори А.Албеков иш берувчига расмий кўрсатма йўллади.
Натижада Республика тез тиббий ёрдам маркази Сирдарё вилояти филиали томонидан шифокорга ўтган давр учун 7 миллион 325 минг 418 сўм устама ҳақи тўлаб берилди.
Шу тариқа касаба уюшмаси кўмагида Нурбек Абдураҳмоновнинг қонуний талаби қондирилди. Бу ҳолат соғлиқни сақлаш тизимида ҳар бир тиббиёт ходимининг меҳнат ҳуқуқлари ишончли ва кафолатли равишда ҳимоя қилинаётганини кўрсатади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири