Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шифокорлик пункти янги қиёфада
15:46 / 2026-02-03

Бухоро вилояти Қоровулбозор туманида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизматлар сифатини яхшилаш йўлида муҳим амалий ишлар давом этмоқда. Жумладан, туманнинг Янги ҳаёт маҳалласида жойлашган оилавий шифокорлик пунктининг тўлиқ янгиланган биносининг очилиш фикримиз далилидир.

Бинонинг очилишида туман ҳокимлиги, соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари, корхона ва ташкилот раҳбарлари, маҳалла фаоллари, нуронийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар кейинги йилларда мамлакатимизда давлат раҳбари ташаббуси билан тиббиёт соҳасини ривожлантириш, аҳолига сифатли ва самарали тиббий хизмат кўрсатиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар хусусида тўхталиб ўтди.

Мазкур шифокорлик пунктининг таъмирланиши маҳалла аҳолисининг ташаббускорлиги ва ҳамжиҳатлиги натижасида амалга оширилгани эътиборга молик. Жумладан, “Ташаббусли бюджет”нинг 2025 йилги мавсумида ушбу тиббиёт муассасасини капитал таъмирлаш лойиҳаси ғолиб деб топилди.

Шу асосда шифокорлик пункти тўлиқ капитал таъмирдан чиқарилиб, янги ва замонавий кўринишга келтирилди. Таъмирлаш ишлари “SOLOENERGY” масъулияти чекланган жамият томонидан амалга оширилиб, ушбу мақсадга 830 миллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.

Қурилиш-таъмирлаш жараёнида бинонинг ташқи фасади тўлиқ янгиланиб, иситиш тизими замонавий талабларга мос ҳолда қайта ўрнатилди. Шунингдек, ички хоналар кенг ва ёруғ қилиб таъмирланди, ташқи ва ички пардозлаш ишлари юқори сифат билан бажарилди.

Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур оилавий шифокорлик пунктида республикамизда саноқли бўлган “Туркия тажрибаси” асосида шошилинч биринчи ёрдам кўрсатиш хонаси ташкил этилди.

Ушбу хона замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланиб, аҳолига тезкор ва самарали хизмат кўрсатиш имкониятини янада кенгайтирди. Бу эса турли фавқулодда ҳолатларда фуқароларга зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатишда муҳим аҳамият касб этади.

Шубҳасиз, амалга оширилган ишлар маҳалла аҳолиси учун катта қулайлик яратиб, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини янги босқичга олиб чиқади. Эндиликда маҳалла аҳолиси ўз ҳудудида замонавий тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятига эга бўлди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.